ЕИ Сурияга гуманитар ёрдамни осонлаштириш учун қатор санкцияларни юмшатди
Бу тартиб 6 ой давомида кучда бўлади. Бу гуманитар ташкилотларга инсонпарварлик ёрдамини тўғридан-тўғри етказиш имконини беради.

ЕИ давлатлари Сурияга зилзиладан кейин гуманитар ёрдам беришни осонлаштириш мақсадида санкцияларга ўзгартиришлар киритди. Бу ҳақда Швеция вакиллари маълум қилди.
“Вайронкор зилзиладан кейин ЕИ аъзо давлатлари Сурияда табиий офатдан азият чекканларга тезроқ гуманитар ёрдам етказиб берилиши учун санкцияларга ўзгартиришлар киритишга келишиб олди”, – деган швед дипломатлари.
Евроиттифоқ кенгашида эълон қилинган пресс-релизда айтилишича, чекловларни юмшатиш натижасида гуманитар ташкилотлар “инсонпарварлик мақсадлари учун мўлжалланган товар ва хизматларни тақдим этиш” учун олдиндан рухсат сўрамайди. Бу чоралар олти ой кучда бўлади.
ЕИ ҳозиргача Сурияга зилзила оқибатларини бартараф этиш учун 5.5 миллион евро ажратди.
Расмий маълумотларга кўра, Сурияда 6 февралда юз берган зилзила оқибатида 1.5 минг одам ҳалок бўлган.







