Ўзбекистон

Педофилларга нисбатан жавобгарлик чоралари кучайтирилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида хотин-қизлар ва болалар зўравонликка учрашининг олдини олишга хизмат қилувчи қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Педофилларга нисбатан жавобгарлик чоралари кучайтирилади

 

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов қонунчиликка педофилларни кимёвий ва жисмоний бичиш амалиётини киритишни таклиф қилиб чиқди. Бу ҳақда у ўзининг Твиттер саҳифасида ёзмоқда.

Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик содир этганларга жазо чоралари ҳақида фикрларини билдирган Бобур Бекмуродов шундай ёзади:

“Қонунчиликка педофилларни кимёвий ва жисмоний бичиш амалиёти киритилиши шарт. Қанча жазо муддатларини оширмайлик, такроран содир этиш хавфи сақланиб қолади. 20 ёшли эркак педофиллик қилса, 15 йил ўтириб чиққанда 35 кирган бўлади. Яна шу жиноятни содир этади. Педофилия – бу касаллик!” дейди «Юксалиш» раиси.

Бироқ унинг таклифини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев кескин рад этиб, бу таклифнинг қалтис томонлари борлигини айтган.

“Ҳукмда белгиланган жазо муддатни бошидан охиригача ўтаса, етарли, менимча! Сиз айтаётган таклифнинг қалтис томонлари бор”, дейди депутат.

Бекмуродов ўз фикрларини тўлдирар экан, жисмоний бичиш амалиёти ҳаммага қўлланмаслигини қўшимча қилган.

“Қонунга кимёвий ва жисмоний бичиш чорасининг киритилиши – бу ушбу чоранинг ҳаммага қўлланилишини англатмайди. Яъни, айби аниқ далиллар билан исботланган ва психологик ташхис қўйилган ашаддийларига қўлланилиши мумкин”, деган Бекмуродов.

Одилжон Тожиев «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раҳбарининг «қалтис» таклифига қарши чиқишда давом этиб, шундай деди:

“Бундай қўшимча жазо олишини билган жиноятчи, айбини яширишга кўпроқ ҳаракат қилади. Оқибатда жабрланувчининг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин”.

«Юксалиш» раиси эса ўз фикрида қатъий туриб, кўпчилик ҳали ҳам педофилларни оддий жиноятчи сифатида кўраётгани, педофилия бу ўта оғир касаллик эканини урғулади.

Унинг айтишича, педофилия бу ўта оғир касаллик ва буни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам тасдиқлаган. Педофил қилаётган ишини ҳам назорат қилмайди ва катта эҳтимол билан қайта-қайта жиноят содир этаверади.
Депутат Одилжон Тожиев эса жиноятнинг оддий сифати бўлмаслиги, барча жиноят ҳам оғир эканини айтган ва Бекмуродовнинг педофилия касаллик экани ҳақидаги фикрига қисман қўшилишини билдирди.

Шунингдек, у «Юксалиш» раисига "Жинсий зўравонлик қилган шахсга кимёвий кастрация (бичиш) қўлланилиши билан нимага эришилади?", деган савол билан юзланган.

“Менинг назаримда, майда безорилик бу оддий жиноят. Педофилия – бу касаллик туфайли содир этиладиган жиноят. Кимёвий кастрация (бичиш) шахватни сўндириш учун, жисмоний бичиш эса, масалан, ретседивистларнинг хавфини батамом йўқотиш учун қўлланилади. Бу тиббий исботланган”, деб ўз фикрларини тугатган Бобур Бекмуродов.

Депутат ва «Юксалиш» раҳбарининг тортишувига қўшилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Алоқа ва ахборот сиёсати бўлими етакчи маслаҳатчиси Ҳикматилла Убайдуллаев кимёвий кастрация (бичиш) педофилия муаммосига самарали ечим эмаслигини ёзади.

“Кимёвий кастрация (бичиш) – педофилия муаммосига самарали ечим эмас. Ушбу тиббий аралашув руҳий бузилиш муаммосини ҳал қилмайди, балки ҳуқуқбузарнинг жиноят содир этиш имкониятини ҳам истисно қилмайди. Бундан ташқари, бу жиноятларнинг олдини олишни кафолатламайдиган қиммат ва узоқ муддатли чорадир”, деган Ҳикматилла Убайдуллаев.

 

Бугунги кунда хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида ҳуқуқни қўллаш амалиётида кўплаб муаммолар юзага келмоқда. Хусусан, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларига дахл қилувчи жиноий қилмишлар учун мутаносиб санциялар белгиланмаган, шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган. Аёлларни иш ва ўқиш жойида тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича кафолат ҳам қонунчиликда мавжуд эмас.

 

Қонун лойиҳаси билан ўн саккиз ёшга тўлмаган жабрланувчининг номусига тегиш ёки унга нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирган ёхуд уни жинсий алоқа қилишга мажбур этган ёки фоҳишаликка жалб қилган, вояга етмаган шахс тавсифланган порнографик маҳсулотни тайёрлаган шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

 

Аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш, номусга тегиш ёхуд жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, ўн олти ёшга тўлмаганга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш жиноятлари учун жазо чоралари оғирлаштирилмоқда. Шунингдек, шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

 

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси хотин-қизлар ва болаларнинг тазйиқ ҳамда зўравонликка учрашининг олдини олиш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш ва ажримлар сонининг камайишига, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқларига оид халқаро индексларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилашга хизмат қилади.

Афғонистонда ер силкиниши: зилзила Ўзбекистон ҳудудларида сезилди

Афғонистонда ер силкиниши: зилзила Ўзбекистон ҳудудларида сезилди

Афғонистоннинг Бадахшон ҳудудида 5,4 магнитудали зилзила содир бўлди.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик: Тошкентда сув таъминотида узилишлар бўлади

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик: Тошкентда сув таъминотида узилишлар бўлади

Бунга куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида сув тармоқларида олиб бориладиган режали таъмирлаш ишлари сабаб бўлади.

Ўзбекистонда яшаш ва овқатланиш: қайси ҳудудда қанча хизмат кўрсатилди?

Ўзбекистонда яшаш ва овқатланиш: қайси ҳудудда қанча хизмат кўрсатилди?

2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида яшаш ва овқатланиш хизматлари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14,4 фоизга ўсди.

Президент V ёзги Параосиё ўйинлари ғолиблари ва иштирокчиларига табрик йўллади

Президент V ёзги Параосиё ўйинлари ғолиблари ва иштирокчиларига табрик йўллади

Шавкат Мирзиёев спортчиларнинг ота-оналари ва мураббийларига ҳам миннатдорлик билдирди.

Мақсадли қабул имтиҳонлари: талабгорлар учун рухсатномалар эълон қилинди

Мақсадли қабул имтиҳонлари: талабгорлар учун рухсатномалар эълон қилинди

Хорижий ва нодавлат ОТМларга мақсадли қабул учун ажратилган жами 1652 та квота доирасидаги тест синовлари 28 октябрь куни ўтказилади.

145 медаль, тарихий натижа: Ўзбекистон паралимпиячилари кучли учликда

145 медаль, тарихий натижа: Ўзбекистон паралимпиячилари кучли учликда

Бу делегация тарихидаги энг яхши натижа бўлди.

Эрон элчиси ТИВга чақиртирилди: Ўзбекистон норозилик нотасини топширди

Эрон элчиси ТИВга чақиртирилди: Ўзбекистон норозилик нотасини топширди

Эроннинг хориждаги элчихоналари Самарқанднинг тарихий-маданий меросини форс цивилизациясига боғловчи постлар эълон қилганди.

Президент ички ишлар органлари ходимларига табрик йўллади

Президент ички ишлар органлари ходимларига табрик йўллади

Президент Шавкат Мирзиёев жиноятларнинг олдини олиш, кибержиноятчиликка қарши курашиш ва фуқароларнинг ички ишлар органларига ишончини мустаҳкамлаш устувор вазифалар эканини таъкидлади.