Украина президенти ва армия бош қўмондони Бахмут туфайли зиддиятга боргани айтилмоқда
Валерий Залужний сиёсатчиларнинг шаҳардаги жанглар бўйича позициясини нотўғри деб ҳисобламоқда.

Бахмутдаги вазият сабабли Украина президенти Владимир Зеленский ва қуролли кучлар бош қўмондони Валерий Залужний ўртасида келишмовчилик юзага келди. Бу ҳақда Германиянинг Bild нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, шаҳардаги вазият бўйича “принципиал бошқача” қарашлар бор. Украина қуролли кучлари кучлари қўмондони бир неча ҳафта илгари тактик сабаблар туфайли чекинишни таклиф қилган.
Аммо Украина ҳукуматида Бахмутни ушлаб туриш тўғри деб ҳисоблашмоқда. Bild билан суҳбатлашган ва номи сир қолишини истаган украиналик таҳлилчининг сўзларига кўра, ҳарбийлар Залужний позициясини тўғри деб ҳисобламоқда.
Бахмут учун жанглар 2022 йил ёзидан бери давом этмоқда. Февралда Зеленский Киев шаҳар учун ҳар қандай қурбонлик беришга тайёр эмаслигини айтганди. “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин Бахмут учун жангларни “гўштмайдалагич”га ўхшатганди. Айнан “вагнерчилар” фронтнинг ушбу участкасида асосий ҳужумкор куч бўлиб тургани тахмин қилинади.







