Хитой кранлар ёрдамида АҚШ портларини кузатяптими?
WSJ бу ҳақда махсус материал эълон қилди.

АҚШ портларига ўрнатилган Хитой кранлари ёрдамида Пекин Американинг ҳарбий амалиётларига алоқадор товарларни кузатиши мумкин. Бу ҳақда WSJ ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Нашр суҳбатдошлари Хитойга тегишли ZPMC компанияси кранларини "Троя оти"га ўхшатган.
"Нисбатан юқори сифат ва арзон нархларга қарамай, улар мураккаб датчиклар билан жиҳозланган. Улар эса ўз навбатида контейнерларни рўйхатга олиши, реал вазиятни кузатиши ва контейнерлар етиб бориш манзилини кузатиши мумкин. Бу Хитой томони АҚШнинг бутун дунёдаги... амалиётларини кузатиши мумкинлиги борасида хавотирларни уйғотмоқда", — дейилади газета хабарида.
АҚШ контрразведкасининг собиқ ходими Билл Эваниннинг сўзларига кўра, кранлар товарлар оқимини узиб қўйиш ниятида бўлганларга бу ишни масофавий амалга ошириш имконини беради.
"Бу қонуний бизнеснинг ажойиб бирикмаси, у разведка маълумотларини тўплашда ниқоб вазифасини ўташи мумкин”, – деган у.
Вашингтондаги Хитой элчихонаси вакили бу маълумотлар икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларга тўсиқ учун ўйлаб топилганини айтган.







