Россия аҳолиси кескин камайишда давом этмоқда
Демографик инқироз пандемия даврида кучайган ва ҳозир ҳам давом этмоқда. Ярим асрдан кейин РФ аҳолиси 120 миллионгача тушиб кетиши мумкин.

Россия аҳолиси кескин камайиб бормоқда. Бу ҳақда Economist ёзди.
Нашр маълумотларига кўра, бу Covid-19 пандемиясининг бошланғич даврида бошланган ва Украина уруши даврида кучайган. Жумладан, 500 мингдан 2 миллионгача бўлган россияликлар хорижга кўчиб кетган. Расмий маълумотларда 2022 йилда Россияни 10 фоиз ишчи кучи тарк этгани қайд этилди.
РФ аҳолиси 1994 йилда энг юқори чўққига чиққанди. Ўша йили мамлакатда 149 миллион одам яшаган. БМТнинг 2021 йилги таҳлилида Қрим ҳудудисиз 145 миллион одам истиқомат қилиши айтилган.
Агар шу тенденция сақланиб қолса, ярим асрдан кейин Россия аҳолиси 120 миллион кишини ташкил этади. Бу мамлакатни аҳоли сони бўйича 15-давлатга айлантиради (1995-йилда 6-ўрин).
Россиялик демографларнинг қайд этишича, ўтган йили апрелда рўйхатга олинган туғилишлар сони XVIII асрдан буён энг паст кўрсаткич бўлди.
Росстат маълумотларига кўра, 2020-2021 йилларда Мамлакат аҳолиси 1.3 миллионга камайган. Ўлим ҳолатлари эса туғилишга нисбатан 1.7 миллионга кўп бўлди. Этник русларнинг улуши 78 фоиздан 72 фоизгача қисқарди.







