АҚШ сенатори: Россия Америкадан ядро қуроллари бўйича олдинда
Шунингдек, Хитой таҳдиди орти бораётгани ҳам таъкидланди.

Америка Қўшма Штатлари замонавий рус стратегик қуролларидан, жумладан «Посейдон» ядровий торпедаларидан ҳимоя қилиш воситаларига эга эмас. Бу ҳақда АҚШ сенатори Рожер Уикер Конгресс Сенатининг Қуролли кучлар қўмитасидаги тингловда айтиб ўтди.
"Россия АҚШга жиддий ядровий таҳдид солишида давом этмоқда. Москва биздан кўра каттароқ ва ривожланган ядровий арсеналга эга. У қисқа муддатда қўшимча ядро қуролларини ҳам яратиши мумкин", — деди у.
Уикернинг қўшимча қилишича, "Россия мисли кўрилмаган ядро қуроллари, жумладан, океанни кесиб ўтишга қодир ядровий торпедалар, шунингдек, қитъалараро баллистик ракеталарни ишлаб чиқди".
Сенатор, шунингдек, Хитойдан АҚШ учун хавф ортиб бораётганини қайд этди. "Пекин ўзининг ядровий кучларини ақл бовар қилмайдиган тезликда модернизация қилмоқда ва кенгайтирмоқда. 2030 йиллар бошида у АҚШдан ўзиб кетиши мумкин", — деб қайд этган сиёсатчи.







