Америкалик аёл уйида 20 йил аллигатор боққани аниқланди
У йиртқич тухумини ҳайвонот боғидан ўғирлаган.

АҚШнинг Техас штатида яшовчи аёл ўз ҳовлисида икки метрли аллигаторни ноқонуний равишда ўстириб, йигирма йил давомида уни боқиб келган.
Штат ёввойи табиатни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари йиртқични бошқа ишни тергов қилаётганда топдилар. Аллигаторнинг эгаси 20 йил олдин “Animal Vorld & Snake Farm”да кўнгилли бўлиб ишлаган вақтида ҳайвонот боғидан тухум ўғирлаганини тан олди.
“Аллигаторлар уясида 50-60 та тухум бўлиши мумкин. Шунинг учун кимдир тухумни ҳеч ким сезмасдан осонгина уйига олиб кетиши мумкин”, — дея тушунтиради ҳайвонот боғи ходими Жаррод Фортман.
Аллигаторни ноқонуний сақлагани учун аёл минг долларгача жаримага тортилади.
Йиртқич боғга қайтарилди. Тухумни ўғирлаш айблови муддати тугаган, шунинг учун аёл истаган вақтида аллигаторни кўргани келиши мумкин.








