Сенаторлар Украинага F-16 самолётини беришни талаб қилди
АҚШ Сенати аъзолари ушбу масала юзасидан мамлакат мудофаа вазирига мактуб ёзган.

АҚШнинг бир қатор сенаторлари Пентагондан Украинага F-16 самолётини беришни талаб қилди. Шу мазмунда мудофаа вазирлигига махсус мактуб жўнатилган.
Politico нашри маълумотларига кўра, республикачилар ва демократлар партияси вакиллари мудофаа вазир Ллойд Остинни қирувчи самолётлар жўнатиш имкониятини ўрганиб чиқишга чақирган. Сиёсатчиларнинг фикрича, Россия-Украина можароси ҳозирда бурилиш нуқтасида турибди. Қирувчи самолётлар Киевга устунлик беради.
“Бу жанг майдонидаги ўйин қоидаларини ўзгартира оладиган катта имконият бўлади”, – дейилади мактубда.
Сенаторлар Остиндан ҳафта охиригача F-16’ни Украинага муваффақиятли тақдим этишга зарур бўлган турли омилларга баҳо беришни сўраган. Уларни ушбу қирувчи самолёт можарога қандай таъсир кўрсатиши ва украиналик учувчилар уни бошқаришни қанчада ўрганиши масалалари қизиқтирмоқда.
Расмий Вашингтон бундан олдин бир неча бор АҚШ Украинага F-16 самолётларини бермаслигини маълум қилганди.







