Айрим давлатларнинг ғайриоддий одатлари
Саёҳатлар дунёқарашимизни энциклопедиялар ва илмий маърузалардан яхшироқ кенгайтиради. Чунки янги давлатда сиз-у бизга нотаниш бўлган янгидан-янги нарсаларга дуч келамиз.

Саёҳатлар дунёқарашимизни энциклопедиялар ва илмий маърузалардан яхшироқ кенгайтиради. Чунки янги давлатда сиз-у бизга нотаниш бўлган янгидан-янги нарсаларга дуч келамиз ва уларнинг тагига етмай қўймаймиз. Бу эса қуруқ маълумотлардан яхшироқ ёдда қолади. Бугун айрим давлатларнинг бир-биридан ғаройиб анъаналари билан танишамиз.
Кореяда йўқолган нарса эгасига қайтмай қўймайди (полицияга мурожаат қилмасангиз ҳам). Мисол учун, бир киши Кореяда ҳамёнини йўқотиб қўйган. У ҳамёни қаерда тушиб қолганини ҳам билмагани учун полицияга мурожаат қилмаган. Аммо орадан 3 ой ўтиб йўқотилган буюмлар бус-бутун ҳолатда эгасига қайтарилган. Ҳамённи топиб олган инсон унинг ичидаги карталар ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар орқали унинг эгасининг манзилини аниқлаган ва почта орқали юборган.
Норвегиядаги велосипед тураргоҳларида ўриндиқ учун махсус соябонлар мавжуд. Бу велосипед курсиси қор ва ёмғирда қуруқ сақланиши учун хизмат қилади.
Мюнхен аэропортида махсус кабиналар ижараси йўлга қўйилади. Бу ерда рейслар орасида дам олиш, ишлаб олиш ёки шунчаки ёлғиз қолиш мумкин.
Жанубий Корея метросида ҳомиладор аёллар учун махсус курси мавжуд. Ҳар бир вагонда 4 тагача пушти ёки сариқ курсини кўриш мумкин. Шунингдек, Жанубий Корея метросида ёш болали оналар ва кексалар учун алоҳида ўриндиқлар мавжуд.
Японияда жамоат жойларида телефонда гаплашиш учун алоҳида хоналар ажратилган. Айрим маданиятларда одамлар орасида телефонда гаплашиш одобсизли саналади. Афтидан, японлар бундай фикрнинг олдини олиш учун телефон суҳбатлари учун алоҳида хоналарни ўйлаб топган.
Канада шаҳарларидан бирида ёғингарчилик тез-тез кузатилгани туфайли ҳар қадамда соябонларни учратишингиз мумкин. Кутилмаганда ёмғир ёғиб қолса, улардан бирортасини олиб, йўлингизда давом этишингиз мумкин. Худди шундай соябон тарқатувчилар Япония кўчаларида ҳам мавжуд.
Нидерландияда кўплаб фермерлар сут сотувчи автоматлардан фойдаланади. Исталган одам у ердан янги соғилган сут харид қилиши мумкин. Бу дўкондагидан анча арзонга тушади.
Истанбул аэропорти ҳудуди шунчалик каттаки, у ерда ҳаракатланиш учун самокатлар таклиф қилинади. Аэропорт ногирон ва кекса йўловчиларга қулайликк яратиш мақсадида улар учун ҳам транспорт воситасини йўлга қўйган. Маълумот учун, Истанбул халқаро аэропорти майдони 1 300 000 метр квадратга тенг.








