Мураккаб муаммоларнинг оддий ечими йўқ—Си Цзиньпин
Хитой раиси Украинадаги вазият ечими ҳақида гапирди.

Хитой раҳбари Си Цзиньпин Москвага ташрифи арафасида Россия ОАВлари учун мақола ёзди ва унда Россия-Хитой муносабатлари ҳақида гапириб, Украинадаги урушга алоҳида тўхталиб ўтди.
Аввалроқ Хитой ОАВлари Россия президенти Владимир Путиннинг мақоласини эълон қилганди.
ХХР раҳбарининг таъкидлашича, Хитой можаро бўйича холис позицияни эгаллаб, тинчлик музокаралари бўйича ҳам фаол ҳаракат қилмоқда.
“Бу позиция БМТ Низомининг мақсад ва тамойилларини қўллаб-қувватлаш, барча давлатларнинг қонуний хавфсизлигини ҳурмат қилиш, Украина инқирозини тинч йўл билан ҳал қилишга қаратилган”, — деб ёзди у.
“Мураккаб муаммоларнинг оддий ечими йўқ. Ишончимиз комилки, агар ҳамма умумий, кенг қамровли, қўшма ва барқарор консепцияга амал қилса, Украина инқирозидан оқилона чиқиш, дунёда мустаҳкам тинчлик ва глобал хавфсизликка йўл топилади. Маслаҳатлашувларни тенг, оқилона ва прагматик тарзда давом эттириш керак” — дейилади мақолада.








