Дунё аҳолиси сони 2050-йилда энг юқори чўққига чиқиши мумкин
Шундан кейин кўрсатгичлар пасая бошлайди.

“Earth4All” моделига кўра, дунё аҳолиси сонининг энг юқори кўрсаткичлари БМТ кутганидан паст бўлиши мумкин. Кўпайиш шу тарзда давом этса, 2050-йилда бу кўрсатгич 8,6 миллиардга етиши мумкин. 2100-йилга келиб 7 миллиардга тушиши эҳтимоли бор.
Агар расмийлар қашшоқлик ва тенгсизликни камайтиришга сармоя киритса, 2040-йилдаёқ 8,5 миллиардлик энг юқори чўққисига эришилади. 2022-йилнинг ёзида БМТ ўз ҳисоботини эълон қилди, унда айтилишича, 2080-йилга бориб сайёра аҳолиси 10,4 миллиардга етади.
Аввалроқ БМТ 2022-йилнинг ноябрь ойига келиб одамлар сони 8 миллиарддан ошишига сабаб бўлган омилларни айтганди. Бу мисли кўрилмаган ўсиш соғлиқни сақлаш, овқатланиш, шахсий гигиена ва тиббиёт соҳаларининг яхшиланиши ҳисобига ўртача умр кўриш давомийлигининг босқичма-босқич ўсиши билан боғлиқ. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тушунтиришича, энг юқори туғилиш даражаси, энг паст даромадли мамлакатларда кузатилмоқда. Аҳоли сони Африка мамлакатлари ҳисобига ўсиб бормоқда, бу эса уларнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин.







