АҚШ космик кучларини Россия ва Хитойга қарши урушга тайёрлай бошлади
Шу мақсадда унинг бюджети оширилган.

АҚШ мудофаа вазирлиги мамлакат Космик кучларини Хитой ва Россия билан эҳтимолий низога тайёрлай бошлади. РФ ва ХХР томонидан сунъий йўлдошга зарар етказувчи лазер ва ракеталар тизимини кенгайтириш фонида ушбу қарорга келинган.
The Wall Street Journal (WSJ) маълумотларига кўра, Оқ уй космик кучларнинг йиллик бюджетини 30 миллиард долларга етказмоқчи. Бу 2021 йилга нисбатан 4 миллиардга кўп. Байден маъмурияти ҳарбий-ҳаво ва ҳарбий денгиз кучларини ҳам мустаҳкамлашни таклиф қилган.
Харажатларнинг ошиши космик кучлар таркибида хизмат қилаётган ҳарбийлар сонини 16 мингга ошириш имконини беради. Улар учун космосда жанг қилишни ўргатадиган махсус тренажёрлар сотиб олинади, шунингдек, сунъий йўлдошлар, ерусти коммуникациялари ва сенсор қурилмалар билан ишлаш ўргатилади.
WSJ'нинг қайд этишича, Қўшма Штатлар жанговар космик кемаларни қуриш ғоясидан воз кечган, чунки уларнинг моддий-техник базаси жуда қимматга тушиши мумкин.







