Перевалда "Lacetti" хандаққа тушиб кетди — видео
ФВВ ҳодиса тафсилотлари ҳақида маълумот берди.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда ҳайдовчи "ручной" тормозни тортишни унутиб қўйгани сабаб автомобиль каналга тушиб кетган ҳақида хабар берилганди.
ФВВ маълум қилишича, бугун, 10 апрель куни эрталаб “Тошкент – Ўш” халқаро автомобиль йўлининг Қамчиқ довонидан ўтувчи 216-километрида енгил автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлган. Тошкентдан водий томон ҳаракатланиб кетаётган "Lacetti" ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида автомобиль хандаққа тушиб кетган.
Зудлик билан воқеа жойига ФВВ «Қамчиқ» махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси ходимлари етиб келган. Қисқа вақт мобайнида машина ер юзасига кўтарилган.
Ҳодиса вақтида машинада икки киши бўлиб, улар жароҳат олган. Жароҳатланганларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилган.
ФВВнинг қўшимча қилишича, ЙТҲ оқибатини бартараф этиш жараёнида довонда автомобиллар ҳаракати тўхтатилмаган.







