Тошкент метросининг 7-бекати бир кунга ёпилади
Йўловчиларга қўшимча автобуслар ҳаракати йўлга қўйилади.

19 апрель куни Тошкент метросининг битта бекатида поездлар ҳаракати тўхтатилади.
Маълум қилинишича, Тошкент метрополитени ерусти ҳалқа йўлининг II босқичидаги Қўйлиқдан Қурувчилар даҳасигача бўлган 5 та метро бекатида поездларнинг синов тариқасидаги ҳаракати ўз якунига етказилмоқда.
Шу муносабат билан ушбу янги бекатларни I босқичда барпо этилган бекатлар билан техник жиҳатдан ўзаро боғлаш мақсадида жорий йилнинг 19 апрель санасида ерусти ҳалқа йўлининг 7-бекатида (Қўйлиқ) поездлар ҳаракати тўхтатилади.
Шу кунда поездлар ҳаракати «Дўстлик-2»—«6-бекат» оралиғида ташкил этилади. Шунингдек, йўловчилар учун 6-бекатдан 7-бекатга қадар қўшимча автобуслар ҳаракати йўлга қўйилади.
“Келтирилган ноқулайлик юзасидан барча йўловчилардан узр сўраймиз”, — дейилади Тошкент метрополитени расмий хабарида.








