Қозоғистонда турар-жой биносига ўт кетди: бир нафар ҳамюртимиз жароҳатланди
Ватандошимиз 1-даражали куйиш ташхиси билан Қизилўрта шаҳар касалхонасига етказилди.

Қизилўрдада турар-жой биносида чиққан ёнғин оқибатида Ўзбекистон фуқароси куйиб қолди.
19 апрель куни соат 10:58 да Қизилўрда шаҳри, Яншин кўчасидаги турар-жой ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида 39 ёшли ҳамюртимиз танасида биринчи даражали куйиш кузатилди.
«Уйнинг 182 квадрат метр майдони ёниб, ёнғин 60 квадрат метр бўлган вақтинчалик қурилиш майдонига ўтган. Воқеа жойида 1984 йилда туғилган Ўзбекистон фуқаросининг юзи, қўллари ва бўйни куйган. У 1-даражали куйиш ташхиси билан шаҳар касалхонасига етказилди», — дея маълум қилди Қизилўрда вилояти тез тиббий ёрдам бўлими.
Ёнғин соат 12:09да тўлиқ ўчирилган. Ҳозирда ёнғин сабаблари аниқланмоқда.
Воқеа жойида Қизилўрда вилояти фавқулодда вазиятлар департаментининг 25 нафар ходими ва 5 нафар техник ходими ишлаган.







