“Табиат ресурслари вазирлиги фақат жарима ундирувчи органга айланиб қолмоқда”
Zamon.uz сўнгги вақтларда экологиямиз билан боғлиқ салбий оқибатлар бўйича мутахассисларнинг фикрларига қизиқди.

Экология бугунги куннинг энг долзарб мавзуларидан бири. Йилдан-йилга атмосферамиз ифлосланаётгани, дарахтларнинг аёвсиз кесилиши, чўлланиш тобора кучайиб бораётгани ҳамда ҳайвонларга бўлаётган салбий муносабат ҳақида такрор ва такрор гапирилди, уларни олдини олиш бўйича турли тадбирлар ташкил этилди. Ҳали ҳамон бунақа тадбирлар давом этиб келяпти. Икки йилдан бери ўтказиб келинаётган “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини бунга мисол қилиб олсак бўлади. Мазкур лойиҳа доирасида кўчатларнинг ноқулай ҳудудларга экилгани ва уларнинг жуда кўпи қуриб қолаётгани ҳақида бир неча бор оммавий ахборот воситаларида хабарлар эълон қилинди. Шунча қилинаётган ҳаракатлар бесамар кетаётгани ҳақида жуда кўп гапирилди. Яқинда Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида ҳайвонлар билан боғлиқ воқеалар ҳам жамоатчиликнинг кескин эътирозларига сабаб бўлганди. Хўш, бугунги экологиямиз ҳақида қачон жиддийроқ ўйлаб иш олиб борамиз? Қоғоздаги ҳисоботларданмас, реал натижалар билан қачон мақтана оламиз? Zamon.uz мазкур мавзу доирасида соҳа мутахассисларининг фикрларига қулоқ тутди.
Экологик тарғиботни ҳар куни амалга оширишимиз керак — Наргис Қосимова, экожурналист
Афсуски, Ўзбекистонда ҳайвонларга нисбатан шавқатсизлик жуда ҳам кучли. Бу аввало одамларнинг тарбияси билан боғлиқ. Бизда ҳозир қимирлаган жониворни ўлдириш керак деган тушунча мавжуд. Охирги пайтлар жуда шов-шув бўлган Чироқчидаги айиқ воқеасини олайлик. У ҳеч кимга зарар етказмаганди. Бечорани машина билан қувишди, босмоқчи бўлишди ва охир-оқибат отиб ўлдиришди. Табиат ресурслари вазирлиги буни олдини олиши мумкин эди. Агар одамларимизда озгина шафқат бўлганида, бу жонивор ҳам яшашга ҳаққи бор деган тушунча бўлганида эди, асло бундай ҳолатга йўл қўйишмасди. Айиқни отиб ўлдирган шахслар ўзларини оқламоқчи бўлишяпти. Айиқ жасади текшириш учун Қаршига олиб келинганида Чироқчидаги шаҳар ветеринария печида куйдирилгани маълум бўлди. Айнан ушбу ҳаракат жиноят ишларини яширишга бўлган уриниш ҳисобланади. Ёки, Бухородаги эшакнинг қулоқларини кесиб ташлашгани ҳам яна бир шафқатсизликка ёрқин мисолдир. У жонивор мабодо эгаси озуқасиз қолдирган тақдирда ҳам ўзини қорнини тўйдириб юраверади. Ҳеч кимга зарари тегмайди. Бироқ, Бухорода ваҳшиёна тарзда эшакнинг қулоқ ва думларининг кесиб ташланиши одамларнинг ҳайвонларга бўлган муносабатини кўрсатиб турибди. Бугун эшакни қулоғини кесган одам, эртага болаларини дўппослайди, хотинига пичоқ ўқталади, бошқа тирик жониворни сўяди ва бундан лаззат олади. Бундай ваҳший инсонларнинг кўпайгани жамиятнинг инқироз ёқасига етиб келганини кўрсатади. Табиатга бўлган муносабатимизни ўзгартирмас эканмиз, болаларимизни табиатга меҳрли қилиб тарбияламас эканмиз зўравонлик ҳалқасини узолмаймиз. Айиқни ўлдирган шахслар оддий жарима билан қутулиб кетмаслиги керак, улар камида икки йилга озодликдан маҳрум этилиши лозим. Чунки, қўнғир айиқлар Ўзбекистонда жуда ҳам кам қолган ва қизил китоб киритилган ноёб тур ҳисобланади.
“Яшил макон” умуммиллий ҳаракати мана икки йилдан бери амалга оширилмоқда. Ундан аввал “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати доирасида бир миллион дарахт акцияси йўлга қўйилганди. Аммо натижаси жудаям-жудаям ачинарли ҳолатда. Бир миллион дарахт акциясида ҳам “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатида ҳам 70-80 фоиз кўчатларнинг қуриб қолгани қайд қилинган. Кўзбўямачилик ҳолатларига гувоҳ бўлгандик. Мисол учун, қуруқ чўпни ерга суқиб кетиш ва сон учун ишлаш каби ҳолатларни айтишимиз мумкин. Нима учун шунақа қиламиз умуман тушунмайман. Нима учун биз ўзимиз яшаб турган ватанимизга ўз меҳримизни бермаймиз. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида Президентимиз ҳар бир дарахтни ўз эгаси бўлади дея таъкидлаганди. Ҳамда уларни доимий суғориш шарт эканлигини айтиб ўтганди. Ҳозир олиб борилаётган ишлардан кўришимиз мумкинки, аввалги кўзбўямачиликлар яна давом этмоқда, сон учун ишланмоқда. Мазкур лойиҳа битта президентимизга керак эмас, бу ўзимизга керак. Мана шуни англаб етканимизда Ўзбекистон ҳозир ўрмонзор бўлиб кетган бўларди. Тошкент шаҳрининг ҳавоси дунёдаги энг ифлос бўлган шаҳарлардан бири эканлигини такрор-такрор гапирамиз. Бундай ҳолатга келишига аввало ўзимиз сабабчи бўлдик. Қанчалик дарахтларни кўпайтирсак, биринчидан улар нафақат кислород билан таъминлайди, иккинчидан ҳаводаги турли ис газлари ва чангларни ушлаб қолиш хусусиятига эга. Яшиллик индекси Ўзбекистонда жуда ҳам паст. Кўзбўямачиликларни олди олинмас экан, мана шу экилган дарахтларга кимдир эгалик қилмас экан шунча моддий маблағлар эвазига амалга оширилаётган қўштирноқ ичидаги “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати ўзининг ижобий натижасини бермайди. Аҳолининг экологияга бўлган муносабатини ижобий томонга ўзгартиришимиз керак. Бизда ҳамма нарса куч билан қилинади. Табиатга зарар етказганларни умуман кечирмаслик керак. Тошкентдаги атмосфера ифлос ҳаводан сақлайдиган ниқобларни кийиб юрса бўладиган даражага етиб келди. Бу жудаям даҳшатли ҳолат. Дарахтлар бўйича биолог йўқ, ботаник йўқ. Улар ваҳшиёна тарзда каллакланиб ташланади ва аста-секин қуритилади. Кўп қаршиликларга қарамай қурувчилар томонидан кесиб ташланади. Ҳамда улар учун унча катта бўлмаган жарима белгиланади ва афсуски, Табиат ресурслари вазирлиги фақат жарима ундирувчи органга айланиб қолмоқда. Экологик тарғиботни ҳар куни амалга оширишимиз керак. Бу тарғибот барча ижтимоий тармоқларда, нашрлар ва телевиденяда намойиш этилиши зарур.
“Одамларнинг тирик жониворларга ўзининг мулкидек қараши жуда ҳам нотўгри” — Мўътабар Хушвақтова, экожурналист
Чироқчида юз берган хабарни ўқиганимиздан кейин мен ва менинг аудиториям жуда ҳам таъсирландик. Бизнинг аҳолида ҳайвонга нисбатан шундай фикр бор: ёки у қандайдир фойда келтириши ёки гўшт бўлиши керак. Эшак ва айиқ билан бўлган ҳодиса буни исботлайди. Одамларнинг барча тирик жониворларга ўзининг мулкидек қараши жуда ҳам нотўгри. Мен буни қоралайман ва бундан нафратланаман. Таклифим ҳайвонларни ҳимоя қиладиган ташкилот очилиши керак ва унинг фаолияти яхши йўлга қўйилиши лозим. “Яшил макон” лойиҳаси қоғозда жуда ҳам зўр лойиҳа. Амалда эса ўз натижасини бермади. Чунки, бизни ҳудудга мос бўлмаган дарахтлар экилди. Масалан, арчани бунга мисол қилиб олишимиз мумкин. Арча асосан тоғли ҳудудларда ўсади. Бизни еримизга ва ҳудудимизга мос дарахтлар кўп. Мисол учун чинор, терак, эман дарахтларини айтишимиз мумкин. Мазкур лойиҳани амалга оширишда кучли мутахассисларнинг фикрларини ўрганиш керак эди. Яна бир томони нимага айнан қуриб қолиши мумкин бўлган дарахтлар экилди. Сабаби, бу кимнидир фойдаси учун. Мисол учун, рўйхатга мана шунча дарахт олдик, шунчаси қуриб қолди деб кимдирлар ана шу қуриб қолган дарахтларни пулини ўзлаштиришлари мумкин. Йигарма йил олдин Тошкент яшил шаҳар деб номланарди. Чунки, ростан ҳам ўзим эслайман маҳалламизда жуда катта-катта дарахтлар бўларди. Ёз ойлари иссиқдан қийналиб соя қидирмаганмиз. Куни кеча мени ўзим яшайдиган ҳудудда дарахтларнинг қуриган шохини кесаман деб ўзини кесиб кетишибди. Умуман экология бузилиб кетганининг асосий сабаби дарахтларни кесилиши ва қурилишни кўпайиши. Чунки, мана шу ифлосланган ҳавони фақат дарахтлар сақлай олади. Бошқа ҳеч нарса тозалай олмайди. Биз эса дарахтларни кесяпмиз буни орқасидан қандай қилиб яхши экология кутиш мумкин. Бу ҳақида гапириш керак. Гапирмасдан ўтириш нотўғри. Баландпарвоз гапларни гапирмасдан, ечим берадиган гапларни гапириш зарур. Экологик тарғиботларни ҳар куни қилишимиз лозим. Буни ёритиш учун эса етарлича имкониятларга эгамиз. Экологик тарғиботни кутиш ёки, режалаштириш керак эмас, уни айни вақтда бошлашимиз шарт. Чунки, қанча тез бошласак шунча яхши. Ҳамда буни ўзимиз учун қиламиз. Табиат бу сиз. Биз эса дарахтларсиз яшай олмаймиз. Демак мазкур тарғиботни табиат учун қилмасангиз ўзингиз учун қилишингиз керак.
“Ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилмоқда”
Табиат ресурслари вазирлиги мутахассислари мазкур ҳолатлар бўйича қуйидагиларни маълум қилди. Ижтимоий тармоқлар орқали 38 ёшли эркак эшак томорқа ерига зарар етказганлиги сабабли унинг икки қулоғини кесган. Жонивор кўп қон йўқотиши натижасида ҳалок бўлганлиги тўғрисида хабар берилди. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддасига биноан ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни уларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийноққа солиш ёки уларга азоб бериш, —базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса ёки ҳайвонларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгиланган.Ушбу жазо чораларига қарамасдан фуқаролар томонидан ҳайвонларни азоблаш ва ўлдириш амалиёти кузатилмоқда.
Шунинг учун Табиат ресурслари вазирлиги томонидан ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишнинг жазо чораларини кучайтириш бўйича таклиф берилди ва 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига 2021-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 25 августдаги ЎРҚ-711-сонли Қонунига асосан) киритилди. Мазкур моддага биноан ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда уларни қийноққа солиш ёхуд уларга азоб бериш уларнинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келса, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, —базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача озодликни чеклаш ёки олти ойгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган. Ҳайвонларга нисбатан инсоний муносабатда бўлиш фуқаролар маънавий ва ахлоқий тарбиясининг муҳим шакли бўлиб, жамиятда қайсидир маънода ахлоқий нормалар бузилишининг олдини олади. Шунинг учун, ҳайвонларга нисбатан инсоний муносабатни мактабларда, касб-ҳунар билим юртларида ва олий таълим муассасаларида босқичма-босқич шакллантириш шунингдек, кенг жамоатчилик орасида доимий равишда тушунтириш ишларини ўтказиш мақсадга мувофиқ,
Шу билан бирга, мавжуд муаммолар юзасидан жамоатчиликнинг фикрини, шунингдек халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, келгусида “Ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш тўғриси”даги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқишнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш лозим.
Жорий йил баҳор мавсумида республика ҳудудларида 125 млн дона манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчалар экиш режалаштирилган бўлиб, “Яшил макон” электрон платформасига киритилган маълумотларга асосан мавсум бошидан бугунги кунга қадар 127 млн 729 минг дона экилган кўчатлар туман (шаҳар) экология органлари томонидан электрон платформага киритилиб, белгиланган режа 102,2 фоизга бажарилмоқда.
Шундан:
— иҳота дарахтзорлар барпо этиладиган ҳудудларда 9 миллион 405 минг дона;
— автомобиль йўллари ёқасига 2 млн 697 минг дона;
— мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида 4 млн 133 минг дона;
— туман (шаҳар) ҚФЙ, МФЙ ва бошқа объектлар ҳудудларида
— 35 млн 492 минг дона;
— олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида 2 млн 288 минг дона;
— фермер хўжаликларининг дала четларида 32 млн 566 минг дона;
— корхона ва хизмат кўрсатиш объектлари ҳудудларига 21 млн 181 минг дона;
— туман (шаҳар)лар ободонлаштириш бошқармалари объектларида 17 млн 457 минг дона;
— соғлиқни сақлаш муассасалари ҳудудларида 2 млн 513 минг дона кўчатлар экилди.
Жамшидбек Амиров тайёрлади







