Афғонистонда коррупция устидан ғалаба қозонилгани айтилди
Бу ҳақда мамлакат Бош вазири маълум қилди.

“Толибон” томонидан тузилган Афғонистон Муваққат ҳукумати мамлакат бўйлаб хавфсизликни таъминлаб, коррупцияни бартараф этишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Бош вазир Муҳаммад Хасан Охунднинг Рамазон байрами муносабати билан халққа мурожаатида айтилади, деб маълум қилди ҳукумат матбуот хизмати.
“Афғонистон Ислом Амирлиги бутун мамлакат бўйлаб хавфсизликни таъминлаб, душманларнинг барча маккор режаларини барбод қилди. Барча давлат муассасалари ва Амирлик раҳбариятининг эшиклари афғон халқи учун”, деб қўшимча қилди Охунд.
19 апрель куни “Толибон” етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охунзода Рамазон байрами муносабати билан мурожаатида, хусусан, Афғонистон бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашиш нияти йўқлигини таъкидлаб, бошқа давлатлар ҳам уларнинг ички ишларига аралашмасликларини сўради.
У, шунингдек, “Толибон” расмийларини адолатли ҳаракат қилишга ва ҳар қандай камситилишлардан қочишга чақирди.








