“Бу сафар бирор қаҳрамонда ўзига хосликни кўрмадим”
“Осмондаги болалар–3” кутилгандек бўлмадими? Фильм ҳақида фаоллар фикр билдиришди.

Шоҳрух Абдурасулов, cанъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD):
Кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг “Осмондаги болалар”и учинчи қисми суратга олинаётганини эшитганимда, кўп қатор юракда алланечук орзиқиш, ширин бир ностальгия уйғонган эди...
Таассуфки, бундай бўлмади... “Осмондаги болалар 3” аввалги икки фильмнинг соясига ҳам яқин келолмади. Ниҳоятда тарқоқ композиция, сунъий ўйлаб топилган, на сатирик, на эксцентрик комедияга мос келадиган ясама эпизодлар, қурама сюжет, мақсадсиз қаҳрамонлар ва энг ачинарлиси, қолипга айланган услуб... Ҳа афсуски, бир вақтлар миллионларнинг қалбини забт этган, ўзбек киносида фавқулодда воқеа бўлган Зулфиқор Мусоқовнинг истеҳзо, пичинг ва ўзбекона самимият йўғрилган бетакрор услуби штамп (!) га айланибди. Масалан, аввалги фильмда деярли ўрни бўлмаган, Рўзвонгулнинг “биологик отаси” (Бобур Йўлдошев)ни бу галги талқинда асосий қаҳрамонлардан бирига айлантирилганини очиғи тушунмадим. Хўш, у нима берди фильмга? Шунчаки, картина океан ортида ҳам тасвирга туширилганини кўрсатиш учунми? Биринчи ва иккинчи фаслда тўрт йигитнинг феълу характери ҳам турфа хил эди, бир-бирига мутлақо ўхшамасди. Бу сафар эса бирор қаҳрамонда ўзига хосликни кўрмадим. Қани аввалги самимият? Покиза қалблар?
Тўғри, фильмда оз-моз юракка таскин берадиган ютуқлар ҳам бор. Гарчи бу сафар Лола анча пассив қаҳрамонга айлантирилган бўлса-да, актриса Кристина Тоированинг ижроси маъқул бўлди. Кристина нигоҳлари ила сўзлайди, ҳис-кечинмаларини сукутлар орқали етказиб беради. Ёш актриса Маҳлиё Асқаралиева ижросидаги Рўзвонгул ҳам эътиборга молик образлардан. Маҳлиё қаҳрамонининг истеъдоди ва тарбия қилган отаси Бахтиёрга бўлган фарзандлик садоқатини ишонарли талқин қилган. Умри интиҳосига етаётган аёлнинг ўз жигаргўшасини тирноққа зор ўтаётган Хуршид ва унинг аёли (Дилноза Кубаева)га қолдириб кетиши томошабинни мутаассир қиладиган, ҳароратли эпизод. Ва назаримда, “Осмондаги болалар 3” ни олдинги икки фильм билан боғлаб турадиган ягона жиҳат – марҳум композитор Анвар Эргашевнинг бетакрор мусиқаси....
Зулфиқор Мусоқовдан бир ўтинчим бор: Зулфиқор ака, биз сизни ҳурмат қиламиз, яхши кўрамиз. Биз тенги авлод фильмларингизни кўриб улғайганмиз. Илтимос, яхши киноасарларингизни гўзал хотима билан сақлаб қолинг!
Самандар Эгамбердиев, санъатшунос, мунаққид:
– Зулфиқор Мусоқовнинг “Осмондаги болалар-3” фильмида роль ижро этган ўзбек актёрларига раҳмим келди. Рости ачиндим. Сабаби актёрларда на пластика, на ритм бор, устига-устак тайинли диалог-монологлар ҳам йўқ, аҳмоқона қилиқлари эса одамнинг кўнглини оздиради.
Фильмдаги операторлик иши эса ноль, актёрларнинг нотабиий юзидан бошқа кадр йўқ. Менимча, фильм оператори инстаграмдаги вайнерларнинг “санъат асарлар”идан илҳомланган кўринади.
Образлар(табиийки ўзбеклар) шунчалик аҳмоқ ва гўл кўринадики, исталган одам уларни алдаб кетиши мумкиндек. Ўзбек халқига пафосли/поэтик манерадан қараш эскирганини тан олишимиз керак.
Шунингдек, фильмда ўзбек халқи қанчалик содда ва гўл қилиб кўрсатилган бўлса, Америка жамияти/ҳаёти салбий, ахлоқсиз ва қора бўёқларда акс эттирилган (Бунга фильмда 3-4 та кейслар бор).
Кинотанқидчи Самандар Эгамбердиев: “Хуллас, бу фильм эстет одамни “отравления” қилади” деган бўлса, санъатшунос журналист Иқбол Қўшшаева эса муносабат билдиришни лозим топмади.
Хуршид Абдурашид, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти илмий ходими:
– Фильм менга номаълум ҳиссиётлар берди. Бу ҳиссиётларга ном қўёлмайман. Номсиз ҳиссиётлар гўзал. Улар қалбда узоқ қалқиб туради. Ҳозир болалигимизнинг гўзал хотираларини кўрсатадиган, қалбимизда муқим жой эгаллаган фильмнинг давомини кўриб чиқдик. Ҳа, ҳамма нарса ўзгарганини тан олмай кетиб боряпмиз. Биз ҳам бола эдик бир замонлар, бизнинг ҳам осмонимиз бор эди...
Ёқимли бир кайфиятни бергани, саволлар уйғота олгани, икки соатга дунёни унутиб, болалигимизнинг ёрқин дамларига қайтаргани учун режиссёр Зулфиқор Мусоқовга ташаккур.
Баҳодир Аҳмедов, ҳуқуқшунос, блогер:
– Зулфиқор Мусоқовнинг фильмларини кўриб улғайганмиз. Унинг культига маҳлиё бўлиб қолганмиз ёки камчиликларини бола кўзимиз билан кўрмаганмиз. Аслида сиз Ларс фон Триер, Хичкок, Мохзен Махмалбаф ва бир қатор Оскар даражасидаги режиссёрларнинг нодир фильмларини кўргандан сўнг, бу фильмларига бошқа ракурсдан қарай бошлайсиз.
Бир вақтлар бир тақризчи айтган эди. Мусоқов фильмларида битта тентак албатта бўларкан. Бундай одамлар қиёфасида худдики ўзбекни тасвирлаган деб тахмин қилишади. Аслида ўзбек халқи уддабурон. Сизнинг ичингизда бундай образларга исён бўлиши лозим. Фильмлар реалликка асосланиши керак. Майли камчиликларимиз, ёқимсиз айрим ҳаётий характерлар кўрсатилаверсин. Ижод эркинлиги. Лекин биз гўл ва аҳмоқ эмасмиз. Биз ҳамма нарсани кўриб билиб турамиз, – дейди ўз телеграм саҳифасида Самандар Эгамбердиевга жавобан.








