Президент Венгрия иқтисодий ривожланиш вазири ва Саудиянинг “АCWА Power” компанияси бошқаруви раиси билан учрашди
Суҳбат давомида савдо-иқтисодий ҳамкорликка оид масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Халқаро инвестиция форуми доирасида Венгрия иқтисодий ривожланиш вазири Мартон Надни қабул қилди.
Икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг биринчи галдаги чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Тадбиркорлар ва ҳудудлар даражасидаги кооперацияни тубдан кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Яқин ойларда тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш, чуқурлашган саноат кооперасияси учун мўлжалланган тузилма шартларини тез фурсатда келишиш ва фаолиятини бошлаш муҳим экани таъкидланди.
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев Саудиянинг “АCWА Power” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абдулла Абунайян билан ўтказган учрашувда жорий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ва шерикликни тубдан кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг “яшил” энергетика тармоғи ривожига энг кўп сармоя киритаётган ушбу компания билан ҳамкорлик сермаҳсул бўлаётганини мамнуният билан қайд этди.
Суҳбат чоғида кооперацияни янада чуқурлаштириш, биринчи навбатда инновацион лойиҳаларни, шу жумладан Ўзбекистон-Саудия Ишбилармонлар кенгаши доирасида илгари суриш истиқболлари муҳокама қилинди.







