Тошкентда гумондорлар қийноққа солингани айтилмоқда
Ҳолат бўйича ИИВ матбуоти изоҳ берди.

Ижтимоий тармоқларда Ички ишлар органлари томонидан босқинчилик ва бошқа оғир турдаги жиноятлар бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётган бир нечта гумондорларга нисбатан қийноқлар қўлланилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 2023 йилнинг 12 апрель куни Тошкент шаҳри ва Наманган вилояти ҳудудларида ўтказилган тезкор тадбирлар жараёнида бир неча ойлар давомида тадбиркорларга нисбатан товламачилик қилиб, уларни қўрқув остида ушлаб келаётган йирик уюшган жиноий гуруҳнинг 10 нафар аъзолари қўлга олинган.
Гуруҳ аъзоларининг илгари оғир турдаги жиноятлар билан бир неча маротаба судланганликлари ҳамда ниҳоятда тажовузкор эканликлари инобатга олиниб, Ички ишлар органларининг махсус кучлари жалб этилган ҳолда қўлга олинган ва зарарсизлантирилган. Гумондорларнинг ёнидан махсус тайёрланган 2 дона ўткир тиғли жисм, бир нечта скотч, Ички ишлар органлари ходимларининг дала формалари, резина қўлқоплар, 0,7 грамм “опий” гиёҳвандлик моддаси, трамадол таблеткаси ва спорт сумкаси далилий ашё сифатида олинган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, гумондорларни бошқа бир қатор оғир жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда. Барчаси ўрнатилган тартибда ҳимоя билан таъминланган.
Шунингдек, жорий йилнинг 6 апрель куни Тошкент шаҳри ҳудудида кучли таъсир қилувчи заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаган фуқаро Х.А. қўлга олиш жараёнида қаттиқ қаршилик кўрсатганлиги сабабли махсус хизматлар томонидан жисмоний куч ишлатилиб қўлга олинган.
Ҳозирда гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 251-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, бошқа оғир турдаги жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. Гумонланувчи процессуал тартибда ҳимоя билан таъминланган.
“Юқорида баён этилган жиноят ишлари бўйича гумондорларнинг айримлари мунтазам равишда спорт билан шуғулланиб келганликлари, илгари кўчада турли муштлашувларда қатнашганликлари аниқланган бўлиб, ҳозирда учинчи шахслар орқали илгари мавжуд бўлган жароҳатларини пеш қилган ҳолда, ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нисбатан ишончсизлик ва носоғлом шов-шув уйғотиш мақсади кўзланаётганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд”, — дейилади хабарда.
Ҳозирда ҳар бир ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.








