Тошкентга янги олиб келинган автобус том қопламаси тушиб кетди
Ҳолат бўйича расмийлар изоҳ берди.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрига янги олиб келинган “Кинг Лонг” русумли автобуснинг том қисмида жойлашган қоплама тушиб кетганлиги акс этган расмлар тарқалди. Ҳолат юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ расмий муносабат билдирди.
Ҳолат соат 9:00 да «Юнусобод-6»–“ТТЗ АШБ” йўналишда ҳаракатланаётган автобус Юнусобод туманида жойлашган «Биллур» тўйхонасининг рўпарасида автобуслар учун ажратилган алоҳида йўлакда ҳаракатланиб кетаётган вақтида юз берган. Йўлнинг қатнов қисмига шакл бўлиб ўсган катта (диаметри тахминан 50–60 см) дарахт автобуснинг том қисмида жойлашган газ баллонни ҳимоялаб турувчи қопламасига тегган ва ҳимоя қопламасини қўпориб юборган. Ҳодиса оқибатида автобуснинг том қисми техник шикастланган.
“Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармасига мурожаат қилиниб, камчиликлар бартараф этилганлигини маълум қиламиз”, — дейилади хабарда.








