Тошкент яшаб бўлмайдиган даражага айлантириляптими?
Вазирлик пойтахтда ноқонуний қурилаётгани айтилган объектга изоҳ берди.

Ижтимоий тармоқларда “Пойтахтни яшаб бўлмайдиган даражага айлантириш давом этмоқда" сарлавҳаси остида Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида ноқонуний қурилиш бошлангани ҳақида мақола эълон қилинди. Мазкур мақолага Қурилиш вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Янгиҳаёт тумани 2-қурилиш ҳудудидаги “Янги Умид” МФЙда бунёд этилиши бошланган мазкур объект тадбиркорга тегишли ноқонуний бино эмас, балки давлат дастури асосида “Янги Умид” маҳалласи аҳолисининг турмуш даражасини янада яхшилашга йўналтирилган спорт объекти ҳисобланади.
Ушбу ҳудудда Президентнинг “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 408-сонли қарорига мувофиқ тасдиқланган концепция асосида “Спорт соғломлаштириш маркази”ни қуриш ишлари амалга оширилмоқда.
“Объектдаги қурилиш-монтаж ишларини ташкил этишда тегишли архитектура ва қурилиш ташкилотлари билан келишилган ҳамда белгиланган тартибда ижобий экспертиза хулосаси олинган. Шунингдек, Тошкент шаҳар Қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекциясидан рўйхатдан ўтган”, — дейилади хабарда.








