Тошкент вилоятида талаба йигит 3 йилга қамалди
У Telegram орқали таъқиқланган диний материал тарқатган.

Тошкент вилоятида ижтимоий тармоқ орқали нашида тарқатган талаба йигит озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ж. У. Telegram профили орқали ўзбек тилидаги “Шаҳид бўлиб кетсак рози бўлингиз” номли “жиҳод” ва “ҳижрат”га даъват қилувчи диний мазмундаги нашидаларни 10 нафар аъзоси бўлган гуруҳга тарқатганлиги аниқланган. Шу боис унга тегишли iPhone-Х русумли мобил алоқа воситаси ашёвий далил сифатида холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб олинган.
Дин ишлари бўйича қўмита хулосасида тақдим этилган материалдаги маълумотлар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганлиги, уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланганлиги қайд этилган.
Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман суди ҳукмига кўра, Ж. У.га Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди ва 57-модда (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.








