Тошкентда Coffee&Tea фестивали бошланди
Унда 30 дан ортиқ қаҳва, қандолатчилик ва чой дўконлари қатнашади.

Бугун, 12 май кунидан Тошкент шаҳридаги Халқлар дўстлиги майдонида Coffee&Tea Fest-2023 иккинчи Тошкент фестивали старт олди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги хабар бермоқда.
Фестивалга ташриф буюрганлар нафақат қаҳва ва чой, балки какао, смузи, лимонадлар каби муаллифлик ичимликларини татиб кўришлари, энг яхши ишлаб чиқарувчилардан қаҳва донларини ва яқинлар учун қизиқарли совғаларни сотиб олишлари мумкин бўлади.
Бундан ташқари, фестиваль доирасида турли маҳорат дарслари, маъруза ва семинарлар бўлиб ўтади. Уларда нафақат соҳа мутахассислари, балки ҳаваскорлар ҳам иштирок этиши мумкин.
Халқлар дўстлиги майдонида 30 дан ортиқ қаҳва, қандолатчилик ва чой дўконлари ўз маҳсулотлари билан иштирок этиб, меҳмонларга қаҳва ва чойни уй шароитида профессионал даражада дамлаш, уй учун қаҳва техникасини танлаш каби масалаларда тавсия беришади.
Фестиваль оқшомларида меҳмонларни осмон остидаги кино намойишлари, энг яхши диджей, стендап қизиқчилар ва джаз ижрочиларининг чиқиши кутмоқда.








