Россиядаги ўзбекистонликлар ҳуқуқлари ҳимоячиси 14 йилга озодликдан маҳрум қилинди
Баҳром Ҳамроевнинг ўзи бу даъволарни рад этган.

Россиядаги ўзбекистонликлар ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев 14 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Хабарга кўра, Россиянинг иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди Ҳамроевни терроризмни оқлаш ва террорчилик фаолиятини ташкил этишда айбдор деб топган. Суд жараёнида прокурор унга нисбатан 21 йиллик қамоқ жазоси беришни сўраган.
Шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячиси Россия Жиноят кодексининг 205,2-моддаси 2-қисми (терроризмни оммавий оқлаш) ва 205,5-моддасининг 1-қисми (Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ террорчи деб топилган ташкилот фаолиятини ташкил этиш) бўйича айбдор деб топилган. У ўзини «Мемориал» (хорижий агентлик ташкилоти деб таснифланган) ва «Гражданское содействие» (хорижий агентлик ташкилоти деб таснифланган) ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишини тан олган.
Тергов маълумотларида Ҳамроевнинг «Ҳизб ут-таҳрир» террорчи ташкилоти ҳамда Ўзбекистонда Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтмаган «Бирлик» партиясига аъзо экани қайд этилган. Баҳром Ҳамроевнинг ўзи бу даъволарни рад этган.







