Тошкентда 12 ёшли қизни ўлдирган эркак умрбод қамалди
Бугун унга нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Аввалроқ Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизнинг ўлдирилгани ҳақида хабар берилганди.
Бугун, 26 май куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида судланувчи А. Т.га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди.
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг раиси А. Жалилов раислигида Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, А. Т. Жиноят кодексининг 226-моддаси (маъмурий назорат қоидаларини бузиш) 1-қисми, 137-моддаси (одам ўғрилаш) 3-қисми “б” банди, 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисми, 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисми, 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “в” банди ва 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “в”, “ж”, “з”, “о” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) 4-қисми тартибида узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 34-моддаси (рецидив жиноят) 3-қисми “б” бандига асосан А. Т. ўта хавфли рецидивист деб топилиб, унга тайинланган жазо махсус тартибли колонияда ўтаттирилиш белгиланди.
Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 96-моддаси (жазо билан бирга тайинланадиган тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш)га мувофиқ А. Т.га жазони ўташ жойларида алкоголизм ҳамда мураккаб политоксикоманияга қарши даволаш чоралари қўлланилиш белгиланди.








