Юқори Чирчиқда эркак сигир сабаб танишини ўлдириб қўйди
У марҳумнинг ўғлига ҳам пичоқ тираб, таҳдид қилган.

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида эркак сигир сабаб ўз танишини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда “Миллар” информацион дастурида хабар берилди.
Жорий йилнинг 22 май куни Юқори Чирчиқ туманининг “Истиқлол” маҳалласида яшовчи, 2-гуруҳ ногирони бўлган эркакни бошқа бир маҳаллада яшовчи фуқаро пичоқлаб ўлдирган. Жиноятни содир этган эркак марҳум билан қўшни маҳаллада яшаган.
“Сигиримиз ечилиб кетган эди. Отам олиб келамиз, деб мени чақирди. Кейин отамни пичоқлаган одам келди. Бизга сигирни қаердан ўғирлаб келяпсиз, деди. Бизники эканлигини айтганимизда биз билан тортишиб кетди. У масжидга тегишли сигир деб ўйлаган экан. Уни ҳайдадим, кетинг, дедим. Пичоқ тиққанидан кейин югуриб келиб 102 га телефон қилдим. Қайтсам, дадам ерда қонга беланиб ётган экан. Акамга ҳам пичоқ тиради у киши”, — дейди марҳумнинг қизи.
Ҳозирда ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.








