Тамаки маҳсулотлари истеъмоли йилига 8 млн кишининг ўлимига сабаб бўлмоқда
Бугунги кунда 120 дан ортиқ давлат тасарруфидаги 3 млн гектардан зиёд майдонда тамаки етиштирилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботига кўра, тамаки маҳсулотлари истеъмоли йилига 8 миллион кишининг ўлимига сабаб бўлмоқда. Қайд этилишича, кўрсаткичлар йил сайин ошиб боряпти.
«Никотин организмдаги метаболик жараёнга ҳалақит берувчи, мия фаолияти ва физиологик функцияларига таъсир қилувчи алкоголь ҳамда бошқа психоактив моддалар каби одамни ўзига ўргатиб қўяди», — дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбари Мирзағолиб Тиллашайхов.
Шу тарзда тамакига қарамлик шаклланади.
Олимларнинг таъкидлашича, чекиш таъсири остида организмда 25 дан ортиқ касалликлар ривожланиши кучаяди. Хусусан, ўпка саратони ва миокард инфарктининг чекиш билан боғлиқлиги ҳақида илмий далиллар мавжуд. Бугунги кунда юрак-ишемик хасталиги ва инсультдан ўлим ҳолатларининг 70 фоизи чекувчи ҳамда спиртли ичимликлар ичувчи одамлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Маълумотларга кўра, ҳар бир кашанда бу иллат туфайли ўз ҳаётини 18 йилга қисқартириши тадқиқ этилган.
Бундан ташқари, тамакининг заҳарли тутунидан умри завол топаётгарларнинг 12 фоизи бундай маҳсулотларни истеъмол қилмайдиган кишилар, яъни пассив чекувчилардир. Улар орасида болалар ҳам бор. Қолаверса, бу иллатнинг дунё иқтисодиётига етказаётган зиёни ҳам катта. ЖССТнинг охирги баёнотида мазкур муаммо ҳам рақамлар билан асослаб берилган.
Ҳозирда 120 дан ортиқ давлат тасарруфидаги 3 миллион гектардан зиёд майдонда тамаки етиштириляпти. Ўз навбатида, бугунги унда Ер сайёраси бўйича 300 миллиондан кўпроқ одам озиқ-овқат тақчиллиги муаммосига дуч келмоқда.







