Тошкентда ЙПХдан қочган ҳайдовчи 2 марта тўқнашув содир этди
Ҳолат бўйича ЙҲХБ маълумот берди.

Бугун, 4 июнь куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида ЙПХ ходимларидан қочишга уринган ҳайдовчи йўл-транспорт ҳодисасига учради.
Қайд этилишича, соат 02:05 ларда Мирзо Улуғбек тумани Мирзо Улуғбек—Мустақиллик шоҳкўчалари чорраҳасида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори сержант Х.Абдумуталов ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган, 2005 йилда туғилган К.У. бошқарувида бўлган ORLANDO русумли автомашинаси ҳуштак ва жезл ёрдамида тўхтатган. Ҳайдовчи эса тўхташ ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттирган. Унинг хатти-ҳаракати ходимларда шубҳа уйғотганлиги сабабли орқасидан хизмат автомашинасида кузатиб борилган.
ЙПХ инспектори ҳайдовчини зарарсизлантириш мақсадида ҳолат бўйича алоқа воситаси орқали кейинги чорраҳада хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори сержант О.Азизовга хабар берган. ЙПХ инспектори автомашиналарни ҳаракатини чеклаш мақсадида ҳаракатни ёпиб турган вақтида ORLANDO ҳайдовчиси Lacetti русумли автомашинаси тўхтаб турганида қасддан оралиқ масофани сақламасдан, унинг орқа қисмига тўқнашув содир этган. Шундан сўнг чорраҳадаги ЙПХ инспекторига хавф туғдириб, қонуний тўхташ ишорасига ҳам бўйсунмасдан, ЙТҲ содир бўлган воқеа жойидан қочиб кетиб, ҳаракатни давом эттирган.
ORLANDO ҳайдовчиси ҳаракат давомида ЙПХ инспекторларига бўйсунмасдан, светафорнинг тақиқловчи ишораларига амал қилмасдан ҳаракатланган ва бир неча марта ходимларнинг қонуний тўхташ ишорасига бўйсунмаган ва авариявий хавфли ҳолат қилиб ўз йўналишида ҳаракатланиб келаётган Lacetti хизмат автомашинасининг йўналишига халақит бериб, тўқнашув содир этган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.








