Тошкентда электробус ва Cobalt ЙТҲга учради
Ҳодиса оқибатида бир киши вафот этган.

Бугун, 6 июнь куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида йўловчи автобуси ва Cobalt иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ ЙҲХБ маълумот берди.
Ҳодиса соат 15:20 ларда Мирзо Улуғбек тумани Дўрмон йўли - Ғазалкент кўчалари кесишган чорраҳада юз берган. Унда 1958 йилда туғилган Л.С. бошқарувидаги YUTONG русумли электробус ҳамда 2003 йилда туғилган Й.Ф. бошқарувидаги Cobalt ўзаро тўқнашган.
ЙТҲ оқибатида Cobalt автомашина ҳайдовчиси олган тан жароҳатлари натижасида тиббий муассасага олиб борилган. Бироқ тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамасдан Й.Ф. вафот этган. Шунингдек, Cobalt автомашинисининг 1 нафар йўловчиси ҳам олган тан жароҳатлари натижасида шифохонага ётқизилган, ҳозирда шифокорлар назоратида.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.








