Тошкентда кондиционерни ёқмаган автобус ҳайдовчисига чора кўрилди
У корхона ички тартиб-қоидаларини бузган ҳолда ҳаракатланган.

Тошкент шаҳрида автобус кондиционерини ёқмасдан ҳаракатланган ҳайдовчига интизомий жазо чораси қўлланди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ хабар берди.
Бугун, 7 июнь куни соат 10:12 лар атрофида 59-сонли йўналиш ҳайдовчиси Z.O. ўз бошқарувидаги автобуснинг кондиционерини ёқмаган ҳолда ҳаракатланган. “Сергели 7-мавзе” бекатида йўловчилар эътирозидан сўнг совитиш тизимини ёққан ҳолда ҳаракатланган.
Ушбу ҳолат юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ҳамда “12-Автобус саройи” филиали масъул ходимлари тезкорлик билан 59-сонли автобус йўналишининг охирги бекати ҳисобланган “Дўстлик - 2 шоҳбекати”га етиб бориб, йўловчилар норозилигига сабаб бўлган ҳайдовчи билан тушунтириш ишлари олиб борган. Бундан ташқари, ҳайдовчига нисбатан белгиланган тартибда интизомий жазо чораси кўрилиши белгиланган.
Таъкидланишича, ҳайдовчилар автобус салонида кондиционерни соат 8:00 дан 19:00 га қадар ёққан ҳолда ҳаракатланишлари белгиланган.








