Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати пасаяди
Республикага Волга бўйи ҳудудларидан нисбатан салқин ҳаво кириб келади.

Ўзбекистоннинг ғарбий ҳудудларига 9-11 июнь кунлари Волга бўйи ҳудудларидан нисбатан салқин ҳаво кириб келади. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар берди.
Унга кўра, икки кун давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво ҳарорати 7-10 даражага пасаяди ва кундузи ўртача ҳаво ҳарорати 30-35 даражани ташкил этади. Шунингдек, 9 июнь куни Бухоро, Навоий вилоятларида, шанба ва якшанба кунлари эса мамлакатнинг марказий, жанубий ва шарқий вилоятларда иссиқ ҳаво ҳарорати бироз пасаяди. Бироқ, республиканинг катта қисмида ҳароратнинг пасайиши шимолий ҳудудларгидек сезилмайди. Ушбу ҳудудларда кундузги ҳарорат 33-38 даражагача пасаяди.
Республика бўйича дам олиш кунигача қуруқ об-ҳаво сақланиб туради, фақат тоғли ҳудудларда шанба ва якшанба кунлари қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Шу билан бирга, 9-11 июнь кунлари республика бўйича айрим жойларда шамол тезлиги 17-22 метр/секундгача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.
Маълум қилинишича, ҳароратнинг пасайиши узоқ давом этмайди. Хусусан, кейинги ҳафтада ҳаво ҳарорати аввалги 35-40 даража, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 41-42 даражагача бўлган қийматларга қайтади.







