Ўзбекистон

“10 йил Россияда ишлаб дўкон олгандим, бир кечада ёниб кетди”

Zamon.uz Қўқон шаҳридаги савдо мажмуасида бўлган ёнғин тафсилотларини бир нуқтага жамлади ва бозорда савдо қилиб келган тадбиркорлар билан суҳбатлашди.

“10 йил Россияда ишлаб дўкон олгандим, бир кечада ёниб кетди”

 

Кеча, 12 июнь куни Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги савдо мажмуасида келиб чиққан ёнғин сабаб юзлаб дўкондорларнинг кийим-кечаклари, ошхона ёниб кулга айланди. Айрим тадбиркорлар олов ичидан маҳсулотларини олиб чиқишга улгурган. Бироқ аксарият савдогарларнинг ҳаракатлари бесамар кетган. Ҳатто ёнғин бозор атрофидаги хонадонларга ҳам ўтган. Zamon.uz воқеа тафсилотларини бир нуқтага жамлади ва бозорда савдо қилиб келган тадбиркорлар билан суҳбатлашди.

 

«Ёнғин жуда даҳшатли эди» — воқеага гувоҳ бўлган тадбиркорлар

 

Хуршида Дониёрова, савдогар:

— Кеча дам олиш эди. Бозорда бўлаётган ёнғинни кечга яқин ижтимоий тармоқда тарқалаётган видеолар орқали билиб қолдим. Турмуш ўртоғим билан зудлик билан етиб бордик. Одамлар орасидан ўтиб, амаллаб дўконимизгача етиб бордик. Аммо улгуролмадик. Олов йўлимизни тўсиб қўйди. Дўконимиз ҳам, товарлармиз ҳам ёниб кетди. Бир кун аввал 270 миллионлик юк туширтиргандик. Бундай вазиятда одамни қўлидан ҳеч бир иш келмас экан.

 

Азизхон Қаҳҳоров, савдогар:

— Ёнғин бошланганини эшитибоқ, қўни-қўшниларни олиб бозорга югурдик. Олов ичидан ўтиб, юкларимизни катта қисмини олиб чиқолдик.  Машина бор, аммо нарсаларни уйга олиб кетиш учун йўл йўқ, чиқиш жуда мушкул эди. Ёнғиндан сал йироқдаги йўл четига қопларни қўйиб, тунни шу ерда ўтказдик.  

 

Шерзод Жабборов, савдогар:

— Ўзим салкам 10 йилдан бери Россияда ишлайман. Ўтган йили машинамни сотиб, топиш-тутишим яхши бўлиб турганида келажак учун замин бўлсин дея 10 минг долларга битта дўкон олиб қўйгандим. Синфдош дўстим ижарада туриб, шу дўкони юритаётганди. Бир ҳафта аввал Ўзбекистонга келгандим. Кеча бозордаги ёнғинни эшитиб, саросимага тушиб қолдим. Нима ҳам қилардим: бу бахтсиз ҳодисани "элга келган тўй" дея қабул қилишдан бошқа иложим йўқ. 

 

Малика Бозорова, савдогар:

— Тўрт йилдан бери савдо қиламиз. 4 та дўкон нарида акамни ҳам иккита дўкони бор. Бозордаги шерикларимиз ёнғин чиққани ҳақида хабар беришди. Турмуш ўртоғим билан бозорга етиб бордик. Ҳали бизни дўконимиз томонга олов яқинлашмаган экан. Юкларимизни ҳаммасини олиб чиқишга улгурдик. Кейин акамни дўконини эшигини буздим (қандай куч билан бузиб кирганимни эслолмайман). Чойшабга кийим-кечакларни солиб, уларни ҳам олиб чиқиб кетдик. Шундан кейин уйдагиларга телефон қилиб каттароқ юк машина юборишларини айтдик. Соат тонгги 3 лардан ўтиб уйга кириб келдик. Унгача бозор атрофидан чиқолмадик.

Товарларимизни вақтида олиб чиқиб кетган эканмиз, эрта тонгда яна бозорга қайтиб борсак дўконларимиз ёниб кетганини кўрдик.

Бугун тушга яқин вилоят ҳокими ва шаҳар ҳокими биз — савдогарлар билан учрашди. Хайрулло Бозоров ўн кун ичида дўконларни эга-эгасига топшириш кераклигини айтди. Сал бўлса-да кўнглимиз таскин топди.

 

Аброр Жўрабоев, савдогар:

— Ўтган йили 7 минг долларга кичикроқ дўкон сотиб олиб, тадбиркорлик қила бошлагандим. Шу йил март ойида 9 минг долларга дўконим ёнидан яна битта каттароқ дўкон олгандим. Бир кечада иккаласидан ҳам айрилдим.

Кечаги ёнғин ҳақида гапириб беролмайман. Жуда даҳшатли эди. Оёғимга шиша синиғи кириб кетибди, оғриқни сезмапман ҳам. Тонгга яқин уйга кириб келдим. Шунда аёлим оёғим қонга беланиб кетганини айтди. Эрталаб шифохонага бориб, шиша синиғини олдириб келдим. Поччамни ҳам елкасига темир тушиб кетди. Жароҳатларганлар кўп бўлди. Олов бозордан ташқари, хонадонларга ҳам ўтган.

 

Юзлаб дўконлардан ташқари 10 та хонадонга ҳам ўт кетган

 

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълумотларига кўра, 12 июнь куни соат 19:17 да Фавқулодда вазиятлар бўлими диспетчерлик хизматига "Ризқ барака савдо комплекси" ҳудудида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берилган.

 

Кучли шамол эсиши оқибатида ёнғин кўлами саноқли дақиқаларда кенгайиб кетган.

 

Ёнғин соат 20:25да қуршаб олиниб, 23:30 да ўчирилган.

 

Ёнғиндан “Ризқ барака савдо комплекси" ва “Қўқон Истиқлол савдо комплекси”да жойлашган савдо дўконлар ёниб, зарарланган.

 

Савдо комплекслар ҳудудига туташ қурилган 10 та аҳоли яшаш хонадонлари ҳам ёнғиндан зарар кўрган.

 

Қурбонлар ва шикастланганлар йўқ. Айни пайтда содир бўлган ёнғин сабаблари ўрганилмоқда ва бозор ҳудудида ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

 

Ёнғин асоратларини бартараф этишга Миллий гвардия, ҳарбийлар, барча корхона, ташкилотлар, маҳаллалардан ҳашарчилар жалб этилган.

 

Республика ва вилоят лойихалаш бюролари жалб этилиб, қисқа муддатда қурилиш ишларини бошлаб, ниҳоясига етказиш чоралари кўрилади.

 

Фарғона вилояти ФВБ ахборот хизмати раҳбари Аҳлиддин Алижоновнинг маълум қилишича, ёнғинни ўчириш учун вилоятдаги 20 та ёнғин-қутқарув автомобиллари жалб этилган. Бундан ташқари, Наманган вилояти ФВБдан ҳам 5 та қутқарув экипажлари ёрдамга келган.

 

Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилди

 

Бозорда савдо қилувчи тадбиркорларнинг айтишича, ёнғин содир бўлишидан аввал, яъни соат 17:00 ларда айрим дўконларда электр пайвандлаш ишлари амалга оширилган.

 

Бугун Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Қўқон бозоридаги ёнғиндан сўнг савдогарлар билан учрашди. Ҳоким дўконлар қурилиши битгунга қадар бозор олдидаги кўча вақтинча савдо қилиш учун ажратилишини маълум қилди.

 

Бош прокуратура маълумотига кўра, савдо комплексларида содир бўлган ёнғин бўйича Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

 

Ҳозирда Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Баҳринисо Мадумарова 

custom img

Саида Мирзиёева Лондонда сиёсатчилар ва халқаро молия ташкилотлари раҳбарлари билан учрашди

Учрашувларда UzNIF фондининг халқаро бозорга чиқиши, ESG стандартлари, “яшил” облигациялар ва ўзбек компанияларининг глобал бозорларга интеграцияси масалаларини муҳокама қилинди.

custom img

Саида Мирзиёева Лондон фонд биржаси бош ижрочи директори билан учрашди

Учрашувда  ўзбек компанияларини глобал бозорларда фаолият юритишга тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

custom img

Бангкокда юк поезди ва йўловчи автобуси тўқнашувида ўзбекистонликлар жабрланмаган — ТИВ

Ҳодиса оқибатида 8 киши ҳалок бўлиб, 33 киши тиббий ёрдамга мурожаат қилган.

custom img

10 минг қадам учун пул тўлайдиган платформа ишга тушган — Экоқўмита

“Эко-фаол фуқаро” платформаси 1 майдан фаолият бошлаган бўлиб, уни App Store ва Play Market орқали юклаб олиш мумкин.

custom img

Ўзбекистон акциялари илк бор халқаро оммавий савдога чиқарилди

IPO жараёнида “BlackRock”, “Franklin Resources” ва “Redwheel” каби йирик халқаро инвесторлар иштирок этди.

custom img

Президент Шавкат Мирзиёев “Ақлли ва хавфсиз шаҳарлар альянси”ни тузишни таклиф қилди

Ўзбекистон Президенти Бутунжаҳон урбанизация форуми 13-сессиясининг Етакчилар саммитида нутқ сўзлади.

custom img

Наманганда “Медиа ҳафталик” бошланди

"Медиа ҳафталик" 22 майга қадар давом этади.

custom img

Инсон ҳуқуқлари соҳасида ёш тадқиқотчиларни тайёрлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда

Ушбу лойиҳа доирасида 18 май куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида халқаро эксперт профессор Полин Якобснинг оммавий маърузаси тингланди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"