«Она тилини унутиш миллатга хиёнат»
Қизириқ туман аҳолиси учун “Маърифат соати” ташкил этилди. Унда журналист Ҳанифа Зокирова сурхондарёлик ёшларнинг она тилини қадрлашига эътибор қаратди.

Маълумки, Ўзбекистон бўйлаб “Ёшлар ойлиги” кенг нишонланмоқда. Мазкур ойлик доирасида бир гуруҳ “Маърифат” тарғиботчилари Сурхондарё вилоятига етиб келишди. Улар томонидан вилоятда “Маърифат тур”, “Зукко болажон” ҳамда “Меҳр ва саховат” каби лойиҳалар амалга оширилади.
Хусусан, Қизириқ туман аҳолиси учун “Маърифат соати” ташкил этилди. Унда журналист Ҳанифа Зокирова сурхондарёлик ёшларнинг она тилини қадрлашига эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ёшларнинг ватанпарварлигидан далолатдир.
«Ер юзида ҳозирги яшаётган ва қадимда яшаб ўтган халқлар тилларининг умумий сони турли манбаларда 2500 дан 5000 гача деб кўрсатилади. Тасаввур қилиш қанчалик қийин бўлсада, биз яшаб турган оламда шунча тил мавжуд.
Шу сабабли ҳар бир халқ ўз тилини сақлаб қолишга, бошқа тиллардан кўра муҳимроқ эканлигини исботлашга уринади. Зеро, она тилини унутиш миллатга хиёнатдир. Тил шу халқнинг борлигини тасдиқлаб турувчи омиллардан бири.
Лекин тан олишимиз керак бугун атрофимизда хориж тилида сўзлашувчилар ёки ўз она тилини бутунлай унутганлар ҳам йўқ эмас. Албатта, хориж тилларини ўрганиш керак. Ахир тил билган инсон хор бўлмайди. Бироқ буни она тилини унутиш эвазига амалга оширмаслик зарур.
Мени қувонтиргани Сурхондарёда бу каби ҳолатга кўзим тушмади. Ёш-у қари ўзбек тилида фахр билан гаплашишяпти», — деди Ҳанифа Зокирова.







