Туркиянинг Эгей соҳилидаги марвариди — Фетҳие
Тўғридан-тўғри қояларга ўйилган антик манзараларга эга тоғлар ва мовий шаффоф денгиз ҳақида.

Фетҳие Туркиянинг Эгей денгизи соҳилидаги марвариддир. Тўғридан-тўғри қояларга ўйилган ҳайратланарли антик манзараларга эга улкан Ликия тоғлари; мовий шаффоф денгизи, деярли йил давомида илиқ ва мўътадил об-ҳавоси; сўлим табиати – апельсин, анор, лимон, қарағай дарахтлари, қумли соҳиллари - буларнинг барчаси Фетҳиега турк курортлари орасида фахрланишга ва бутун дунёдан келган сайёҳларнинг эътиборини қозонишга имкон беради.
Ўлудениз Фетҳиенинг машҳур курортларидан бўлиб, у ерда гўзал табиат қўйнидаги қумли соҳилларда сифатли дам олиш мумкин. Гўжек — яхтачиликнинг пойтахти ҳамда Ликия тоғлари орасида парапланда учиш мумкин бўлган Фетҳиедаги ажойиб маскандир.
Фетҳиедаги соҳиллар, одатда, оқ қум ва тошлардан иборат бўлиб, ноёб тошбақалар тухум қўйиш учун келадиган узун қумли соҳил пиёда юриш учун айни муддао. Шунингдек, шаффоф зилол сувда сузиш учун Агиа Никола оролига ташриф буюриш мумкин.
Фетҳие яқинида диққатга сазовор жойлар етарлича кўп. Уларнинг аксарияти зилзилалар натижасида вайрон бўлган, аммо баъзи қадимий бинолар сақланиб қолган. Мисол тариқасида, Рим театри қолдиқлари ёки 600 йиллик тарихга эга рицарь қалъаси харобалари билан танишишингиз ва Мендос қоясига ўйилган Ликия қабрларини зиёрат қилиш мумкин. Улардан энг қадимий ва энг каттаси - Аминтас қабридир.
Шунингдек, сайёҳлар яхта ижарага олиб, Гўжекдаги 12 оролга саёҳатга чиқиши ва Фетҳиедаги Бабадағ қоясидан сакраши мумкин. Спортга қизиқмайдиганлар учун эса, Кая Кай шаҳарчасига экскурция қилишни, қарағайзорлар оралаб сайр қилишни, сўнг эса, Капалаклар водийсига ташриф буюриши мумкин.







