Оналик ва болаликни тиббий муҳофаза қилиш асослари кенгайди
ССВ Тиббий ёрдамни ташкиллаштириш Департаменти бўлими бошлиғи, Тиббиёт фанлари доктори, доцент Севара Убайдуллаева сўнгги йилларда оналик ва болалик муҳофазасида йўналишида амалга оширилган ишлар ҳақида фикр билдирди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббий ёрдамни ташкиллаштириш Департаменти бўлими бошлиғи, Тиббиёт фанлари доктори, доцент Севара Убайдуллаева сўнгги йилларда оналик ва болалик муҳофазасида йўналишида амалга оширилган ишлар ҳақида фикр билдирди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармасида ишлаган давримда нотаниш рақамдан мобиль телефонимга қўнғироқ бўлди. Ўзини бошқа ташкилот ходими деб таништирган шахс, Хоразм вилояти Шовот тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли туғуруқ комплексида туғилган чақалоқнинг ҳолати бўйича ёрдам сўради. Унинг сўзларидан, чақалоқ муддатига етмай, яъни ҳомиладорликни 24 ҳафтасида туғилган. Сабаби эса, ҳомиладор аёл Тошкентдан командировкадан қайтаётганида йўлда автоҳалокат кузатилиб, туғуруқ жараёни бошланиб кетган. Шошилинч тез ёрдам орқали зудлик билан туман туғуруқ комплексига олиб борилган, лекин бу туғуруқ комплекси чала туғилган болаларни парваришлаш учун мослашмаган бўлгани боис ёрдам сўраб қўнғироқ қилишган эди.
Шу захотиёқ, Хоразм вилояти перинатал маркази раҳбари билан боғланиб, болани зудлик билан марказга ўтказиш борасида чоралар кўра бошладим. Шунда, марказдан кислород беришга мослашган, чақалоқларнинг иссиқлик ҳароратини сақлаб турувчи мослама ва юрак ҳамда пульсни ўлчаб туриш имкониятига эга тиббий аппаратура билан жиҳозланган чақалоқлар реанимобиль автомашинаси ва бригадаси Шовот туман тиббиёт бирлашмасига йўл олди.
Туманга бориш йўлига сарфланувчи вақт, болани тиббий аппаратураларга ўтказиш, шунингдек қиш мавсуми бўлиб, совуқда ҳаракатланиш имконияти чекланганлигини эътиборга олган ҳолда чамаси 2 соатларда бола реанимобилда марказга етказилганлиги ва марказга жойлаштирилиб – махсус парваришга мослашган кувез, сипап ва бошқа тиббий аппаратуралар билан парваришлаш бошлангани тўғрисида маълумот олдим. Бу вақт давомида, мурғак боланинг ҳаёти қанчалик хавф остида эканини тушунган ҳолда, қўлим сира ишга бормади.
Маълумот олганимда, боланинг ҳолати қандай деб сўрашга ҳам қўрқиб турган эдим, шифокор гўшакдан, боланинг аҳволи оғир, лекин барқарор эканини айтди, шунда сал бўлса-да умид бор экани дилимга таскин берди.
Гўшакни қўярканман, чуқур нафас олиб, 10 йилларча олдин оналик ва болаликни муҳофаза қилишда халқаро стандартларни мувофиқлаштириш жараёнида, болаларнинг ўсиши ва ривожланиши, чақалоқлар реанимацияси бўйича олий таълим муассасаси педагоги сифатида ишчи гуруҳда амалиёт шифокорлари малакасини оширардим. Бир ўқув машғулот вақтида гинеколог шифокорнинг кўз ёшлари билан сўзлаб берган воқеаси ёдимга тушди.
У 1998-2000 йилларда халқаро стандартлар киритилмаган давр, чала туғилган чақалоқларни парвариш қилиш учун (кувез, сипап ва ҳоказолар), шунингдек, тиббий аппаратуралар етишмаслиги 1-2,5 кг тана вазнигача туғилган болалар тирик туғилсада, уларни сақлаб қолиш имкони бўлмаганлиги, ўлим ҳолатлари кузатилганда жуда қаттиқ танқидий чоралар кўрилган даврлар бўлганлигини айтиб берди.
Олдинги даврда кўпгина ота-оналар шундай кичик вазнли болаларни дунёга келтириб қўйишса, қанчалик машаққат билан парваришлашга ҳаракат қилишса-да, ҳозирги кунда мавжуд шароитлар бўлмаганлиги боис, болаларни сақлаб қолиш имконияти бўлмаганлиги инсон дилини хира қилади. Шундай бўлса-да, бугунги кунларда юртимизда бу борада катта ютуқларга эришилмоқда, республикамиз ҳудудларидаги вилоят ҳамда туманлараро перинатал марказларда 500 грамм вазнгача бўлган болалар ҳам парваришланиб, яшаб кетаётгани ҳамма оилаларга қувонч бахш этмоқда.
Оналик ва болаликнинг муҳофазасини таъминлаш йўлида юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, перинатал марказларни зарур тиббий техника ва буюмлар билан жиҳозлаш, уларни малакали кадрлар билан таъминлаш соҳанинг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланган ва мазкур йўналишни ривожлантириш учун давлат томонидан йиллар давомида маблағ ажратиб келинмоқда.
Буларнинг натижасида 2017 йилдан бошлаб, туманлараро перинатал марказлар сони 3 тадан 46 тага етди. Бугунги кунда 17 млн. нафардан ортиқ аёлларга (9,1 млн. нафардан зиёд туғиш ёшидаги аёллар) 22,3 минг ўринга эга 227 та туғруқ муассасаси, 18 ёшгача бўлган 11 млн. нафар болага 13,3 минг ўринга эга 245 Та педиатрия муассасаси хизмат қилиб келмоқда, ахир.
Юртимизда оналик ва болаликнинг муҳофазасида хорижий тажриба жорий этиб борилар экан, илмий асосланган стандартларга мувофиқ сифатли тиббий хизмат кўрсатиш миқёси кенгайтирилар экан, албатта ҳар бир хонадонда соғлом болалар кулгуси янграйди. Бу борада олиб борилаётган ишлар юртимиз келажаги учун ҳар бир дунёга келадиган мурғак боланинг яшаб кетиши учун улкан бир замин бўлади.







