«Янги Ўзбекистон: минтақаларни боғловчи кўприк»
Тошкентда ўтказилаётган «Шериклик ташаббуслари ҳафталиги» доирасида «Йирик транспорт инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш тажрибалари – иқтисод ўсишининг асосий тамойили» ҳамда «Ўзаро боғлиқликни барча транспорт соҳаларда ривожлантириш: долзарб таклифлар ва ечимлар» мавзуларда панель сессиялари бўлиб ўтди.

Пойтахтимиздаги Event Hall мажмуасида бўлиб ўтаётган “Шериклик ташаббуслари ҳафталиги” доирасида кеча “Йирик транспорт инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш тажрибалари – иқтисод ўсишининг асосий тамойили” ҳамда “Ўзаро боғлиқликни барча транспорт соҳаларда ривожлантириш: долзарб таклифлар ва ечимлар” мавзуларда панель сессиялари бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Илхом Махкамов, Тожикистон Республикаси транспорт вазири Азим Иброҳим, Қирғиз Республикаси транспорт ва коммуникациялар вазири Тилек Текебаев, Латвия Республикаси транспорт вазирлиги Давлат котиби ўринбосари Улдис Рейманис, ТРАСЕКА Бош котиби Асет Асавбаев, ЕТТБнинг Бош банкири Александр Татьянин, Жаҳон банки мутахассиси Гарсио Навваро, USAIDнинг “Марказий Осиёда савдо” лойиҳаси транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси Айжан Бейсеева, UBC бизнес-клублари ассоциацияси президенти Весселин Халачев, “DB Engineering & Consulting GmbH” компаниясининг лойиҳалар менежери Иннокентий Загуменов, TAV Technologies компаниясининг Америка, Европа ва МДҲ мамлакатлари бўйича вице-президенти Айтан Масталиева, “ATR” компаниясининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича вице-президенти Жероми Габори, Bougues consruction” компанияси тижорат директори Оливье Клюзен иштирок этди.
Тадбирда Транспорт вазири Илхом Махкамов сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг трапнспорт соҳасида эришган ютуқлари ва соҳада амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди:
"Мамлакатимизда 5 та хусусий авиакомпания (Qanot Sharq Airlines, Silk Avia, Humo Air, Panorama Airways, Centrum Air) иш бошлади.
Шунингдек, шаҳар транспортини ривожланиш борасида сўнгги 5 йилда узунлиги 29 км дан ортиқ бўлган 19 та метро станцияси қурилди ва фойдаланишга топширилди. Биргина шу йилнинг ўзида 1000 дан ортиқ автобус сотиб олинди, улардан 300 таси электробусдир.
Ушбу ишларнинг самараси ўлароқ, шаҳар транспортида йўловчилар ташиш ҳажми 1,6 баробарга ошди.
Транспорт хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш мақсадида хусусий сектор учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, ҳаракатланувчи таркибни янгилаш, бизнес-жараёнларига рақамлаштиришни жорий этиш ва бошқа чора-тадбирлар орқали темир йўл транспорти соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш режалаштирилган.
Бугунги кунда рақамли технологияларни жорий этишни кучайтириш замон талаби бўлиб қолмоқда.
Транспорт ва логистика соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш жараёнини тезлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузурида ягона интегратор "Рақамли транспорт" маркази ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифалари ҳар хил транспорт турларини интеграциялаш ва фойдаланувчилар учун интерактив хизматлар турларини кенгайтириш ва илғор ахборот технологияларини жорий этишдан иборат.
Таъкидлаб ўтмоқчиманки, тарихда биринчи марта биз туркиялик ҳамкасблар билан рухсатнома бланкаларини электрон алмашиш тизимини (E-permit) жорий этдик.
Шунингдек, Озарбайжон билан аралаш ташувларни амалга оширишда (ҳаво ва автомобиль транспорти иштирокида) E-TIR татбиқ этилди.
Бундан ташқари, биз Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан "Рақамли-ТIR"га муваффақиятли ўтдик ва яқин келажакда Туркманистон билан ўтишни режалаштирмоқдамиз".
Мазкур панель сессиялари ишида Қозоғистон, Туркманистон, Беларусь, Озарбайжон, Латвия, Австралия, Жанубий Корея, Хитой, Франция, Япония, Туркия, Германия, Австрия каби давлатлардан 50 дан ортиқ хорижий меҳмонлар бевосита қатнашди.
Тадбир давомида хорижлик мутахассислар ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишида ҳал қилувчи ўринни эгаллаган транспорт соҳасида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш тажрибаларига тўхталиб ўтди.
Шунингдек, халқаро юк ташувлари ва логистикани ривожлантириш орқали давлатлар ва минтақалар ўртасида халқаро савдони кенгайтириш, барқарор иқтисодий ўсиш ва фаровонликни таъминлашда биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг аҳамияти юзасидан фикр алмашилди.
Хусусан, Тожикистон Республикаси транспорт вазири Азим Иброҳим бугун Марказий Осиё давлатлари ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ҳар бир давлат ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишига айланганини, ушбу жараёнларда транспорт коммуникацияларини ривожлантириш масаласига алоҳида аҳамият қаратилаётганини таъкидлаб ўтди. Вазир жаноблари бунинг ёрқин намунаси сифатида 2022 йил 20 июндан бошлаб 1990 йиллар бошида тўхтатиб қўйилган Душанбе – Тошкент йўналиши бўйича йўловчи поездлари ҳаракати қайта тикланганини қайд этди.
"Айнан, транспорт-инфратузилмавий коммуникацияларни такомиллаштириш ва Марказий Осиёга халқаро транзит юк ташувчиларини жалб этиш минтақа давлатларини бирлаштирувчи энг муҳим йўналишлардан биридир. Шу маънода “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳасининг амалга оширилиши Марказий Осиёни бутун бир логистика хабига, яъни жаҳоннинг муҳим бозорига айлантиришга ҳисса қўшиши билан аҳамиятлидир," — деди Қирғизистон Республикаси транспорт ва коммуникациялар вазири Тилек Текебаев.
Латвия Республикаси транспорт вазирлиги Давлат котиби ўринбосари Улдис Рейманис ўз чиқишида айнан Европа ва Осиё ўртасида халқаро савдони ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш ва фаровонликни таъминлашда транспорт ва логистиканинг муҳим ролини алоҳида таъкидлаб ўтди.
“Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасида интермодал ва мультимодал трансчегаравий ҳамда транзит транспорт хизматлари кўрсатишни ривожлантириш, шунингдек, Болтиқ денгизи мультимодал коридори орқали Европа Иттифоқидан Марказий Осиё мамлакатлари учун етказиб бериш занжири салоҳиятини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш долзарб вазифа. Айнан транспорт соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик муносабатларимиз ушбу вазифани уддалашга хизмат қилмоқда", — деди Улдис Рейманис.
Таъкидлаш жоизки, тадбир давомида ўзаро боғлиқликни барча транспорт соҳаларда ривожлантириш юзасидан долзарб таклифлар илгари сурилди.
Мазкур йўналишда янги транспорт коридорларини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган лойиҳалар алоҳида эътироф этилди.







