Дам олиш кунлари кузатиладиган об-ҳаво маълумотлари эълон қилинди
Ҳафта охирига бориб ҳарорат яна кўтарила бошлайди

«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, бугун Ўзбекистон бўйича ушбу ҳафтанинг бошида республика ҳудудларида кузатилган нисбатан салқин об-ҳаво сақланиб туради. Куннинг иккинчи ярмида марказий ва шарқий вилоятлар бўйича баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Шанба ва якшанба кунлари республика бўйича ҳаво асосан бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кўтарила бошлайди, аммо ҳудудларнинг катта қисмида июль ойи учун 33-38 даража бўлган мақбул қийматлар сақланиб туради, фақат энг чекка жанубда 39-41 даража атрофида бўлади.
Айрим тоғ олди ва тоғли ҳудудларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13-18 метр/секундгача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши кутилмоқда.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида шанба ва якшанба кунлари ҳаво асосан бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат 34-37 даража бўлади.







