Ўзбекистонга Эрондан иссиқ ҳаво кириб келади
Бироқ 14 июлдан барча ҳудудларга Кавказдан салқинроқ ҳаво оқими кириб келиши кутилмоқда.

«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, 9-10 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келади ва ҳарорат кўтарила бошлайди.
Таъкидланишича, иссиқ об-ҳавонинг чўққиси 11-13 июль кунларига тўғри келади. Натижада кундузи ҳаво ҳарорати 39-42 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда 43-45 даражагача кўтарилади.
«Бироқ бу иссиқ давр узоқ бўлмайди. 13 июлдан республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларига, 14 июлдан барча ҳудудларга, бу сафар Кавказдан салқинроқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Ҳарорат фони 3-5 даражага пасаяди. Ҳароратнинг энг сезиларли пасайиши Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида кузатилади, бу ерда ҳаво ҳарорати 5-7 даражага пасаяди», — дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, шундан сўнг июль ойининг охиригача ҳароратни қисқа муддатга кўтарилиши кузатилади, лекин синоптиклар ушбу июль ойида аномал иссиқ бўлишини кутмаяптилар.







