Twitter Threads ишга туширилгани учун Меtа'ни судга бериш билан таҳдид қилмоқда
Таъкидланишича, Meta Threads ишлаб чиқиш учун ишдан бўшатилган Twitter ходимларидан фойдаланган.

Twitter Threads ижтимоий тармоғининг ишга туширилиши муносабати билан Meta Platforms'ни судга бериш билан таҳдид қилмоқда.
Таъкидланишича, Meta Threads ишлаб чиқиш учун ишдан бўшатилган Twitter ходимларидан фойдаланган.
"Twitter ўзининг интеллектуал мулк ҳуқуқларини қатъий таъминлаш ниятида ва компаниянинг ҳар қандай тижорат сирлари ёки бошқа ўта нозик маълумотлардан фойдаланишни тўхтатиш учун Meta'дан зудлик билан чора кўришни талаб қилади", — дея маълум қилди Twitter адвокати Алекс Спиро.
Эслатиб ўтамиз, Facebook ва Instagram'га эгалик қилувчи Американинг Meta компанияси 6 июлга ўтар кечаси Twitter'нинг асосий рақобатчисига айланиши керак бўлган Threads матнли хизматини ишга туширди.
Meta Twitter'га ўхшаш интерфейсга эга бўлган янги хизмат 500 та белгигача бўлган хабарларни, шунингдек, 5 дақиқагача бўлган фотосуратлар ва видеоларни жойлаштириш имконини беришини эълон қилди.
Инстаграм жамоаси томонидан ишлаб чиқилган илованинг ўзи ўзини ижтимоий тармоққа қўшимча сифатида кўрсатади. 6 июлдан бошлаб иловани 100 дан ортиқ мамлакатларда App Store ва Google Play'дан юклаб олиш мумкин.







