Ўзбекистонлик тиббиёт ходимлари Жанубий Кореяда малака оширади
Шунингдек, Ўзбекистон тиббиёт ходимлари Жанубий Корея клиникаларига таклиф қилиниши мумкин

Ўзбекистон элчихонаси ва Тошкент тиббиёт академияси ходимлари Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), Корея Халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси (KOFIH) ҳамда Yonsei Prime клиникаси раҳбарияти билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».
Учрашувларда икки давлат ўртасида тиббиёт соҳасида эришилган келишувлар ҳамда амалга оширилган ва оширилаётган йирик лойиҳалар муҳокама қилинди.
Томонлар «Болалар миллий тиббиёт маркази»ни такомиллаштириш, «Катталар тиббиёт маркази» қурилишини тезлаштириш, Ўзбекистон тиббиёт ходимларини Жанубий Корея тиббиёт клиникаларига таклиф қилиш орқали уларнинг малакасини ошириш, турли йўналишлардаги алмашинув дастурларини йўлга қўйиш каби масалалар хусусида ҳам фикр алмашди.
Учрашув якуинида Тошкент тиббиёт академияси ва Yonsei Prime клиникаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.







