Боку Ереваннинг Қорабоғни «этник тозалаш» ҳақидаги баёнотига жавоб берди
Шунингдек, Озарбайжон ТИВ вазири Лочин йўлаги ёпиб қўйилиши ҳақида ҳам гапирди.

Озарбайжон ТИВ Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзояннинг Қорабоғни “этник тозалаш” ҳақидаги баёнотини “хато ва хавфли”, деб атади.
Пайшанба куни Арарат Мирзоян Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти доимий кенгаши мажлисида сўзга чиқиб “Озарбайжон ҳудудий яхлитлигини тан олиш бошқача талқин қилинмаслиги ва тоғли Қорабоғда этник тозалашга “лицензия” сифатида фойдаланмаслиги керак”, деди.
Шунингдек, у Озарбайжон томонидан Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган ягона йўл — Лочин йўлаги ёпиб қўйилиши “ноқонуний”, “инсонийликка зид”, деб баҳолаган.
“Арманистоннинг Озарбайжон, гўё, минтақада этник тозалаш олиб боришга уринаётгани тўғрисидаги баёноти хато ва хавфли. Арман миллатига мансуб аҳолига қарши ҳеч қачон этник тозалаш сиёсати олиб борилмаган”, — дейилади ТИВ хабарида.







