Европа дипломатияси раҳбари Қуръоннинг ёқиб юборилишини қоралади
Баёнотда хилма-хилликни ҳурмат қилиш Европа Иттифоқининг асосий қадрияти экани алоҳида тааъкидланган.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель чоршанба куни мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръоннинг ёқиб юборилиши муносабати билан баёнот берди.
Европа ташқи ҳаракатлар хизмати баёнотида айтилишича, Европада шахсларнинг кўплаб мусулмонларни хафа қилган сўнгги ҳаракатларидан кейин ЕИ диний нафрат ва муросасизликни қўзғатувчи ҳар қандай ҳаракатга кескин қарши эканини яна бир бор тасдиқлайди.
«Хилма-хилликни ҳурмат қилиш Европа Иттифоқининг асосий қадриятидир. Бу бошқа диний жамоаларга ҳурматни ҳам ўз ичига олади», — дейилади баёнотда.
Европа дипломатияси раҳбари Ж.Боррель Қуръон ёки бошқа муқаддас деб ҳисобланган китобни таҳқирлаш ҳақорат, ҳурматсизлик ва аниқ провокация эканини таъкидлади.
Хабар берилганидек, Копенгагенда Ироқнинг Даниядаги элчихонаси биноси олдида Қуръон нусхасини ёқиш бўйича акция ўтказилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси муқаддас китобларни камситувчи ҳар қандай хати-ҳаракатларни қоралаб, бундай хати-ҳаракатларни халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб тан олган резолюцияни қабул қилди.







