Дам олиш кунлари кутилаётган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Ҳаво ҳарорати бироз пасаяди

«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, 27 июлдан бошлаб Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларига Қозоғистондан нисбатан салқин ҳаво оқимлари кириб келиши бошланган. Натижада Қорақалпоғистон, Хоразм вилоятида ҳарорат 6-9 даражага, баъзи жойларда эса 10-12 даражагача пасайди.
Қайд этилишича, бугун нисбатан салқин ҳавонинг кириб келиши Ўзбекистоннинг қолган барча ҳудудларига тарқалади, аммо ҳароратнинг пасайиши республиканинг шимоли-ғарбида пасайгани каби сезиларли бўлмайди. Шунга кўра, бугун кундуз куни республика ҳудудининг катта қисмида кундузги ҳарорат 33-38 даража атрофида, жанубда 40-42 даражагача бўлади.
Мамлакатнинг катта қисмида бугун кундузи ёғингарчилик кутилмайди, фақат Самарқанд, Жиззах вилоятларида ва куннинг иккинчи ярмида Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда асосан жадаллиги бироз бўлган қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида 28-30 июль кунлари баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин, сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.







