2 вилоятда ўқишга киритиш билан боғлиқ жиноят аниқланди
Ҳозирда аниқланган ҳолатлар бўйича тергов ўтказилмоқда.

Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.
Департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.Н. 2 нафар фуқарони “Nukus innovatsion instituti” Самарқанд филиалига 2-босқичга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 1 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, департаментнинг Когон шаҳар бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар Г.С. ва Б.А. фуқаро З.Б.ни танишлари ёрдамида Ғиждувон тумани Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлик техникумига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 1 000 АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.







