Тошкентдаги туғуруқхонада эгизак чақалоқ вафот этди
ССВ ҳолат бўйича муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги 6-сонли туғуруқхонада эгизак чақалоқлар вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолатга Соғлиқни сақлаш вазирлиги муносабат билдирди.
Аниқланишича, бемор Д.Ш. эгизак ҳомиладорликнинг оғир асоратли кечиши туфайли 6-сонли туғуруқ комплексига жорий йил уч маротаба (4-11 апрель, 29 май-5 июнь ва 13-17 июнь кунлари) ётқизилган ва ҳомиланинг сурункали тушиш хавфи билан даволанган.
Аёлда ҳомилани сақлаш бўйича олиб борилган стационар ва амбулатор муолажаларга қарамай, 2023 йил 22 июнь куни тўртинчи маротаба тез тиббий ёрдам хизмати автомашинаси орқали ушбу туғуруқ муассасасига шошилинч равишда олиб келинган.
Унга “Ҳомиладорлик-1. Эгизак. Эрта туғуруқнинг бошланиши. Ҳомила ички инфекцияси. Кам сувлик.” ташхиси қўйилган.
2023 йил 22 июнь куни соат 21:45 да аёлда эрта туғуруқ кузатилган. Асоратли туғуруқ белгилари билан оғир даражадаги чалалик, чуқур асфиксия, суст юрак уриши билан 660,0 гр., 33 см. узунликдаги қиз жинсли чақалоқ туғилган. Бироқ шифокорлар томонидан ўз вақтида олиб борилган юрак-ўпка реанимацияси муолажалари самара бермаган.
Иккинчи қиз жинсли ўлик чақалоқ 15 дақиқадан сўнг асоратли туғуруқ белгилари билан оғир даражадаги чалалик, ўлик ҳомиланинг бачадонда кўндаланг жойлашуви, 560,0 гр., 31 см. узунлик кўрсаткичлари билан туғилган.
Шундан сўнг йўлдош гистология текширувига юборилган.
Бемор Д.Ш.нинг қариндошлари томонидан ёзма равишда имзоланган тилхатда тиббиёт ходимларига эътирози йўқлиги ва патанатомик текширувга қаршилиги тўғрисидаги қатъий талаби туфайли ўта кам вазнли (660,0 ва 560,0 гр.) чақалоқларни патанатомик текширувдан ўтказиш имкони бўлмади.
Аёл 2023 йил 23 июнь куни қониқарли аҳволда шифохонадан чиқарилган.
“Халқаро миқёсдаги илмий манбаларга кўра, 26 ҳафталик, ўта кам вазндаги чақалоқларнинг яшаб қолиш кўрсаткичи жуда паст ҳисобланади. Қолаверса, Бемор Д.Ш.да ҳомила ичи инфекцияси, эгизаклик ҳолати ва ҳомиланинг бачадонда кўндаланг жойлашуви иккала чақалоқдаги асоратларни янада чуқурлаштириб, яшаш имкониятидан бутунлай маҳрум қилган”, — дейилади хабарда.







