Россия ва Эрон Нобел мукофоти зиёфатига таклиф қилинди
Айрим сиёсатчилар бу таклифларни “ўта ноўрин” деб ҳисоблайди.

Нобел жамғармасининг маълум қилишича, Россия ва Беларус ўтган йили Украинадаги вазият туфайли иштирок эта олмагани учун Стокголмдаги зиёфатга яна таклиф қилинди.
Ўтган йили қатнашишга рухсат берилмагани учун Эрон ҳам Швеция пойтахтидаги тадбирга қайта таклиф қилинган. Швециялик Европарламент депутатларидан бири бу йилги таклифларни “ўта ноўрин” деб атади.
Олтита Нобел мукофоти маросимидан бештаси ҳар йили Стокголмда бўлиб ўтади, тинчлик бўйича Нобел мукофоти эса Ослода топширилади. Ўтган йили Нобел жамғармаси Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабли Россия ва Беларус элчилари таклиф этилмаслигини айтган эди.
Бундан ташқари, Эрон ҳам тадбирга таклиф қилинмаган. Теҳрон узоқ вақтдан бери инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият туфайли танқидларга учраб келади. БМТ у ердаги ҳукумат ўтган йилги намойишларни бостиришда инсониятга қарши жиноят содир этган бўлиши мумкинлигини айтди.







