Япония АЭСдан зарар кўрган балиқчиларга маблағ ажратади
Аввалроқ ҳукумат балиқчилик саноатини қўллаб-қувватлашни билдирганди.

Япония «Фукусима-1» атом электр станциясидаги сувни океанга тўкилиши ортидан зарар кўрган балиқчиларга 137 миллион доллар ажратади.
Янги ёрдам пакети баъзи давлатлар, биринчи навбатда, Хитой томонидан япон денгиз маҳсулотлари импортига қўйилган эмбарго туфайли етказилган зарарни камайтириш учун мўлжалланган.
Аввалроқ Бош вазир Фумио Кисида Япония ҳукумати балиқчилик саноатини қўллаб-қувватлашини ва Хитой каби бозорларга қарамликни камайтириш учун денгиз маҳсулотлари экспорти тузилмасини ўзгартиришини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, 24 август куни Япония «Фукусима-1» АЭСдан радиоактив моддалардан тозаланган сувнинг биринчи партиясини океанга ташлашни бошлади. Станциядаги резервуарларда 1,25 миллион тоннадан ортиқ сув тўпланган бўлиб, у 2011 йилнинг март ойидаги цунами оқибатида шикастланган реакторларни совитиш учун ишлатилган. Расмийларнинг таъкидлашича, сув умуман радиоактив моддалардан тозаланган, унда фақат водород (тритий) изотопи мавжуд. Бироқ Хитой бу ҳаракатларини кескин қоралади ва япон денгиз маҳсулотларини импорт қилишни бутунлай тақиқлади.







