ЖАР Россияга қурол етказиб берганини рад этмоқда
АҚШ мамлакатни Россияга қурол беришда айблаганди.

Жанубий Африка Республикаси президенти Сирил Рамафосанинг айтишича, тергов Россияга қурол етказиб берилганига оид далилларни аниқламаган. Бу ҳақда у ўз халқига мурожаатида айтиб ўтди.
"Россияга қурол етказиб бериш ҳақидаги айбловларнинг ҳеч бири тасдиқланмади. Қурол экспортига рухсат берилмаган ва ҳеч қандай қурол экспорт қилинмаган", — деди Рамафоса.
Гап Америка Қўшма Штатларининг айбловлари ҳақида кетмоқда. Унга кўра Жанубий Африка АҚШ санкциялари остида Россиянинг "Lady R" кемасига қурол ўтказган.
Эслатиб ўтамиз, баҳорда АҚШнинг Жанубий Африкадаги элчиси Рубен Бригете 2022 йил декабрь ойида Симонстаун ҳарбий-денгиз базасида Россия юк кемаси тўхтаб қолганини айтган эди. Элчи унга қурол ва ўқ-дорилар ортилганига амин эди.
Кейинчалик, Жанубий Африка Мудофаа вазири Танди Модизе айбловларни рад этди ва Рамафоса ишни текширишга ваъда берди.
Жанубий Африка Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ элчиси ўз айбловлари учун "шартсиз кечирим сўраганини" маълум қилган.







