Аномал иссиқ кузда ҳам давом этади
АҚШ ва Европани жазирама қамраб олган.

2023 йилнинг ёзи тарихдаги энг иссиқ бўлди, дейди метеорологлар. Бу йил кузда ҳам юқори ҳарорат сақланиб қолади.
АҚШнинг Вашингтон шаҳрига келган сайёҳлар кўплаб диққатга сазовор жойларни зиёрат қилишдан воз кечишга қарор қилишди. Бунинг сабаби ҳолдан тойдирувчи иссиқликдир.
Об-ҳаво прогнозларига кўра, бу ҳафта АҚШ пойтахтида ҳаво ҳарорати Селсий бўйича 38 даражагача кўтарилиши мумкин.
Европада ҳам аномал иссиқлик давом этади. Белгияда сентябр бошида ҳаво ҳарорати 30 даражадан ошди. Қироллик метеорология институти мамлакатнинг аксарият ҳудудлари учун сариқ огоҳлантириш эълон қилди.
Прогнозга кўра, жазирама тўлқин камида яна бир ҳафта пасаймайди. Франсияда ҳам ҳаддан ташқари юқори ҳарорат кузатилмоқда. Мамлакат жанубида, Лионда ҳаво ҳарорати 33 даражага етди, ўрта ғарбида эса 39 даража иссиқ қайд этилди.







